Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Хабарлар

Самарқанд вилоят вакиллигида қорилар билан тадбир ўтказилди

 
 

Рамазон файзу футуҳга бой ойдир. Унинг фазилатларидан бири - бу унинг Қуръон ойи эканлиги. Чунки, Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Салафи солиҳларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Бунинг сабаби, Қуръон мисоли йўқ тенгсиз илоҳий китобдир.

Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон мисоли нурдир. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради.

عنْ أَيُّوبَ بْنِ مُوْسَى قَالَ : سَمِعْتُ مُحَمَّدَ بْنَ كَعْبٍ الْقُرَظِيَّ قَالَ : سَمِعْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا؛لَا أَقُولُ: الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ. رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ

Айюб ибн Мусодан ривоят қилинди: «Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан эшитдим, у шундай деди: «Мен Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баравардир. Мен «алиф, лам, мим» битта ҳарф демайман. Балки, «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарф!» дедилар», деяётганини эшитганман»Термизий ривоят қилган.

 

Сўнги йилларда юртимизда Қуръони карим таълимотига катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ Қуръонии каримни тажвид асосида тиловат қила оладиган, Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар сони ортиб бормоқда. Мураттаб қорилар эса Қуръон ойи бўлмиш Рамазонда масжидларимизни тўлдириб турган мўмин-мусулмонлар учун Хатми қуръонлар ўқиб бериш орқали қалбларни иймон нури билан сайқалланишига хизмат қилмоқдалар.

2014 йил Самарқанд вилояти бўйича ҳаммаси бўлиб, 35 та масжидда Қурон хатми ўқилган эди. Алҳамдулилллаҳ, бу йил 183 та масжидларда Қуръон хатми ўқилади. Бунинг учун 183 нафар мураттаб қорилар жалб этилган. Уларнинг 72 нафари маҳаллий қориларимиз эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. 144 нафар қорилар эса юртимизнинг турли гўшаларидан Ўзбекистон мусулмонлари идоарсининг ёрдами билан Самарқандга таклиф этилди. Бугун, 26 апрель Самарқанд вилоятидаги 35 та масжидда Қуръон хатми якунланади. Шундан сўнг қорилар бошқа масжидларда, айримлари эса бошқа вилоятларда иккинчи хатмни бошлайдилар. Шу муносабат билан бошқа вилоятлардан келган қорилар вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловнинг ташаббуси билан вилоят вакиллигига таклиф қилинди. Шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, масжид имомлари, устозлар иштирок этган тадбирда Зайниддан домла сўз олиб, бошқа вилоятлардан келиб, Самарқанд аҳлига Қуръони каримни хатм қилиб бераётган қориларга барча вилоят мўмин-мусулмонлари номидан миннатдорлик изҳор қилди. Шундан сўнг сахий инсонларнинг молу давлатларидан ажратган закотлари, ҳомийларнинг ҳадяларидан иборат совғалар қориларга улашилди. Албатта, қорилар закот ва эҳсонларга энг сазовар кишилар эканлигига шубҳа йўқ. Зеро, улар ўзга воҳадан келган мусофирлардир, Аллоҳ йўлида юрган кишилардир ва моллари нисобга етмаган ҳақдорлардир. Қолаверса, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадрияти, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини илгари сурувчи “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатидан кўзланган мақсад, рамазон ойларида хайр-саховат кўрсатишдан иборатдир. Тадбир давомида Қуръони карим қориларига кўрсатилган бу хайриялар арзимас эканлиги, аслида чин мукофотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўз узурида ҳозирлагани айтилиб, Аллоҳнинг розилиги учун закотларини ажратган, хайру эҳсон қилган, масжидларда Хатми Қуръон ўқиб бераётган қорилар, имом домлалар ҳақларига дуои хайрлар қилинди. Хатми Қуръонлар давом этади.

Аллоҳ атаоло барчаларимизга бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин! Омин!     

"Savad-ul-azam.uz" матбуот хизмати


Киритилган вақти: 26/04/2021 18:14;   Кўрилганлиги: 113
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/press/news/samarqand-viloyat-vakilligida-qorilar-bilan-tadbir-otkazildi
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:54