Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Хабарлар

Рамазон яқинлашмоқда! Қайси масжидларда Хатми Қуръон бўлади?

 
 

Аллоҳга беадад шукр, Илоҳий туҳфалар, файзу-футуҳ ва қувонч олиб рамазон яқинлашмоқда. Қалбимизга ажиб шавқ ва срур ила рамазон кириб келмоқда. Ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди. Кўплаб фазилатларга эга бу ойда Қуръон нозил бўлгандир. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят)

Рамазон ойи “Қуръон ойи” деб аталади. Унда Қуръонга бўлган аҳамият: тиловат қилиш, ёд олиш, маъноларини тушуниб етиш тобора ортади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алауҳи васаллам ҳар йили Рамазон ойида Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб ўтказар эдилар. Саҳобалар ҳам Рамазонда Қуръонни хатмқилишга қаттиқ киришардилар, баъзилари уч кечада хатм қилса, баъзилари етти кечада хатм қилар яна бошқалари ўн кечада Қуръонни хатм қилишарди. Улар Қуръонни кечаси-ю кундузи, ҳоҳ намозда, ҳоҳ намоздан ташқари бўлсин тиловат қилишар эди. Бу йил алҳамдулиллаҳ Рамазон рўзасини тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида масжидларда таровеҳ намозларини адо этиш, Қуръон хатмига сомеъ бўлиш имкони бўлиб турибди. Ўтган 2020 йилда бутун дунёга тарқалган оғир касаллик (Корона вирус пандемияси) туфайли Рамазони шарифда хатми Қурьон бўлмаган, ҳаттоки масжидларимизнинг фаолияти ҳам тўхтаб қолганди. Беш вақтлик намозлар, жума намозлари ва ийд намозларни ҳам масжидларда жамоат бўлиб адо этиш имкони бўлмай қолган эди. Бу йилда бўладиган Хатми Қурьонларни мўмин-мусулмонларимиз ўзгача шукуҳ, интизорлик ва завқ-у шавқ билан кутмоқда.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда дин соҳасида кўплаб ўзгаришлар, масжидлар очилиши ва хатми Қурьонлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Мисол учун айтадиган бўлсак, 2018 йил 1149 масжидда, 2019 йил 1220 масжидда хатми Қуръон ўтказилган эди. Худо хоҳласа бу йил 2021-йилда 1370 дан зиёд масжидларда Хатми Қурьон бўлиб ўтади. Инша Аллоҳ бу йил Самарқанд шаҳрида ҳам фаолият олиб бораётган масжидларимизнинг 14 тасида Хатми Қурьон бўлади. Бунинг учун жами 23 нафар қорилар таклиф қилинган. Уларнинг 9 нафари Самарқанд шаҳри қорилари, 14 нафарлари эса бошқа туман ва вилоятлардан таклиф қилинмоқда.

Хатми Қуръон бўладиган масжидлар: Абдуллоҳ ибн Аббос (30 кунлик), Дарғом (1/15 кунлик), Қорабой Оқсақол (1/15 кунлик), Қўшбаққоли (20 кунлик), Қўшҳовуз (2/15 кунлик), Лоҳутий (30 кунлик), Намозгоҳ (25 кунлик), Руҳобод, Фақиҳ абу Лайс (1/15 кунлик), Хўжа Исҳоқи Вали (2/15 кунлик), Хўжа абду Дарун (25 кунлик), Хўжа Нисбатдор (30 кунлик), Шоҳи Зинда (27 кунлик), Янги Обод (30 кунлик).

Қуръон ўқиладиган юртда фаровонлик бўлади. Бу жойга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади, бало-офатлар арийди. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Эслатма: Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинади. Масжидларда электр, газ ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда намоз ўқиладиган жойлар муҳофазасига катта эътибор қаратилади, техник жиҳозларнинг созлиги кўрикдан ўтказилади. Имом-хатиблар томонидан ОАВ ва Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлар қилинади. Шунингдек, масжидлардаги Таровеҳ намозларининг шукуҳи, мўмин-мусулмонларнинг хушкайфияти ҳам кенг ёритилади.

Муборак Рамазон ойи барчага муборак бўлсин! Бу ойнинг фазилатларидан Аллоҳ таоло ҳар биримизни баҳраманд айласин!

И.Нумонов - Самарқанд шаҳар имом-хатибилиги матбуот хизмати ходими


Киритилган вақти: 05/04/2021 11:52;   Кўрилганлиги: 109
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/press/news/ramazon-yaqinlashmoqda-qaysi-masjidlarda-xatmi-quron-boladi
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 18:07