Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Тазкия

ШАЙТОН МАҒЛУБ БЎЛГУНИЧА

 
 

Абдуллоҳ ибн Ҳариб розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Мен кўп гуноҳ қилиб қўймоқдаман.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
- Аллоҳга тавба қил ва истиғфор айт.

У деди:
- Тавба қилгандан сўнг яна гуноҳга қайтаяпман.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
- Аллоҳга тавба қил ва истиғфор айт.
У деди:
- Қачонгача, эй Аллоҳнинг Расули?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
- Шайтон мағлуб бўлгунича!

Иблиснинг инсонларнинг адаштиришдаги қуролларидан бири уларга гуноҳларини катта кўрсатиб, Аллоҳнинг раҳматини уларнинг ақлига кичкина қилиб кўрсатишидир.
Инсон гуноҳ қилар экан Иблис унинг олдига келиб энди унга солиҳлар орасида жой йўқлигини, бу дин тақводорларники эканлигини, у гуноҳ қилиб Аллоҳнинг пардасини йиртганлигини, энди қайтишга йўл йўқлигини айтади.
У ифлос бизни ўзи билан тенглаштиришни истайди. У гуноҳ қилганида кибр қилган, саркашлик қилган эди. Биз билан уни орасида катта фарқ бор. Бизнинг отамиз Одам алайҳис салом гуноҳ қилганларида истиғфор айтганлар, йиғлаб надомат қилганлар, тавба қилганлар. Аллоҳ у зотнинг тавбаларини қабул қилиб ҳатто пайғамбар қилган.
Аллоҳ билан сизнинг орангизга шайтоннинг кириб олишига йўл қўйманг. Қанақанги ҳолда бўлманг Аллоҳ томон юришни давом эттиринг. Гуноҳ қилсангиз истиғфор айтинг, Ундан узоқлашсангиз яна қайтишга шошилинг, Аллоҳ сизни кечириши учун очиб қўйган эшигини сиз ёпиб қўйманг!
Вақти-вақти билан қилиб турадиган гуноҳингиз учун масжидга боришни, жамоатни тарк қилманг. Аксинча, янада кўпроқ ғайрат қилинг.
Қутила олмай турган гуноҳингиз сабаб, бир фақирга беришга одатланган садақангизни тарк қилманг.
Менга айтингчи, агар қилган гуноҳингиз учун масжидни тарк қилсангиз, садақа беришни тарк қилсангиз қайси эшикдан кирмоқчисиз Роббимиз ҳузурига?!
Иш осон. Агар гуноҳдан қутилишга қодир бўлмасангиз унга варши тоат билан, яхши ишлар қилиш билан курашинг.
Буюк саҳобий Абу Миҳжан Сақафий розиёллоҳу анҳу ароқ ичишга мубтало бўлган эди. Аммо жиҳодлардан қолмас эди. Аллоҳ унга шу эшикни очиқ қолдирганини билиб уни муҳофаза қилди.
Қодисийя жангида Абу Миҳжанни маст ҳолида қўмондон Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳунинг ҳузурига олиб келишди. Уни дарҳол оёқ-қўлини кишанлашди. Жанг эса давом этар эди. Абу Миҳжан Саъд ибн Ваққос розиёллоҳу анҳунинг хотинидан оёқ-қўлини ечиб юборишини, у жангда иштирок қилиб, жанг тугаганидан сўнгра қайтиб келишини, шунда яна кишанлаб қўйиши мумкинлигини сўраб ёлворди.
У Жанг пайтида Аллоҳнинг қўшини орасида бўлмасликни ўзига катта мусибат деб билди.
Саъд розиёллоҳу анҳунинг хотини кўниб уни бўшатиб юборди. Абу Миҳжан юзини яшириб жанг қилди. Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу уни кўриб ажабланди:
- От Абу Миҳжаннинг оти. Зарбалар Абу Миҳжаннинг зарбаси. Аммо Абу Миҳжан кишанда-ку!
Жанг тугагач Абу Миҳжан дарров кишанланган жойига қайтди ва оёқ-қўлига кишан солди.
Форслар мағлуб бўлиб Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу қайтиб келгач хотини бўлган воқеани унга айтиб берди. Шунда Саъд розиёллоҳу анҳу деди:
- Бундан сўнг қаҳрамонларча жанг қилган бу кишини дарраламайман!
Кейин Абу Миҳжанни озод қилди. Шунда Абу Миҳжан деди:
- Олдин мен ароқ ичар эдим. Менга жазо берилар ва мен тозаланар эдим. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг ароқ ичмайман!

Гуноҳинг қанчалар катта бўлмасин Аллоҳ очиқ қолдирган тавба эшигини ёпма. Эҳтимол бир кун шундан яна қайтиб кирарсан!


Киритилган вақти: 08/10/2021 13:02;   Кўрилганлиги: 11
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/tazkiyah/shayton-maglub-bolgunicha
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 10:05