Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оқимлар

Мазҳабга эргашмасликнинг зарарлари ва унинг ёмон оқибатлари ҳақида. 2- қисм

 
 

Тақлид қилувчи – шариат кўрсатмаларига амал қилишда мустақил ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб, бирор бир мазҳаб раҳнамосига эргашишлигини англатади. Яъни, фиқхий мазҳаблар асосчиларидан бири бўлган имомнинг шариатдаги амали ва фикрини қабул қилган ва унга эргашган шахсдир.

Усулул фиқҳ уламолари, “тақлид – шариатга амал қилишда далилини билмаган шахсни, уни билган ва ечимини берган шахс фикрини англамасдан қабул қилиб, амал қилишдир”, дея таърифланган.

Демак, муқаллид (тақлид қилувчи) ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб мужтаҳидга тақлид қилиб, унинг фатвосига амал қилади. Худди шу ишнинг ҳукми бўйича ислом уламолари томонидан уч хил фикр илгари сурилган.

Биринчиси: Ибн Ҳазм ва унга ўхшаш баъзи уламолар тақлид қилиш мутлақо жоиз эмаслиги, балки ҳар ким ўзи мустақил равишда Қуръон ва суннадан ҳукм чиқариши лозимлиги уқтирилган. Бошқа уламолар бу қарашни бутунлай инкор этиб, ҳар бир мусулмон мужтаҳид даражасига етиши мутлақо мумкин эмаслигини баён этишган.

Иккинчиси: тақлид қилишни вожиб деб қарайдиганлар. Улар исломдаги йирик мужтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деб таъкидлашади.. Бу гапнинг эгалари ҳижрий учинчи асрдан кейин ижтиҳод эшиги ёпилгани ҳақида уламоларнинг қарори чиққанини далил қилиб келтирадилар.

Ушбу гап узоқ муддат ҳукм сурган, қарор сифатида танилган ва унга сўзсиз амал қилинган.

Учинчидан: мутлақ мужтаҳид бўлмаган киши учун мужтаҳид олимларидан бирига тақлид қилиш лозим бўлади. Баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиш керак бўлади. Бу йўналишнинг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:

Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 43-оятида айтади:

فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ.

“Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”

Уламолар, бу ояти каримада Аллоҳ таоло билмаган шахс билган инсонлардан сўраши лозимлигига буюрмоқда. Бу эса, одамлар ичида билимли ва билимсизи бўлиши муқаррарлигини далолат қилади. Билмаган биладигандан ўзи билмаган масалани сўраши лозим. Бу эса, ўз навбатида, билимсиз киши олим инсонга тақлид қилиш вожиблигини англатади. Усул уламолари ушбу оятни оми инсон мужтаҳид олимга тақлид қилиши вожиб эканига энг асосий далил деганлар. Ушбу оятга биноан, “ҳаммага тақлид вожиб” деган гап ҳам, “ҳаммага ижтиҳод вожиб” деган гап ҳам тўғри эмаслиги келиб чиқади.


Киритилган вақти: 01/04/2021 11:51;   Кўрилганлиги: 95
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/movements/mazhabga-ergashmaslikning-zararlari-va-uning-yomon-oqibatlari-haqida-2-qism
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 22:36