Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оқимлар

“Ҳизбут таҳрир” – залолатга бошловчи фирқа

 
 

“Ҳизбут-таҳрир” партияси Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаш учун ташкил этилган диний-сиёсий оқимдир. Раҳнамолари, асосан, ғарб мамлакатларидан паноҳ топувчи бу тоифанинг муассиси Тақиюддин Набаҳоний (1909–1977) бўлиб, у 1948 йили гуруҳга асос солган.

“Ҳизбчилар” ушбу фирқани тузиш гўёки Ислом умматига Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 104-оятининг талаби билан фарз эканлигидан келиб чиқади, деб даъво қилишади. Ваҳоланки, Ислом тарихида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин “хулофои рошидинлар”, умавийлар, аббосийлар ва охирги усмонли халифалар давригача ҳеч бир замонда ушбу оятга амал қилиш мақсадида алоҳида фирқа тузиб, бир кишини унга амир этиб сайлаш ҳақида фикр ўртага ташланмаган.

Партия мафкурасида унинг “руҳий уюшма ҳам, илмий уюшма ҳам, таълим-тарбия ишлари билан шуғулланадиган уюшма ҳам эмас, балки у исломий фитрат асосига қурилган сиёсий уюшма экани”, фаолияти хайрия, диний ёки маърифий эмас, балки сиёсий соҳа экани очиқ таъкидланади. Бошқача айтганда, “Ҳизбчилар” қуруқ сиёсатдонликка ўргатадиган, аҳли сунна жамоасига мухолиф бўлган фирқа саналади саналади.

Ушбу фирқа давлат тўнтариши, ҳукумат раҳбарига қарши чиқиш, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр берадилар. Демократия, конституция, сайлов каби сиёсий институтлар, миллий қадриятлар ва ватанпарварлик қораланади. Хусусан, демократия ва инсон эркинликлари гўёки “куфр низоми экани”, “уни қабул қилиш, унга даъват қилиш ва  у асосида партия тузиш ҳаром” деб эълон қилинган. Гўёки ватанпарварлик Исломга ёт “тубан алоқа”, хайрия-саховат, ахлоқий тарбия ва яхшиликка чақириш, илм-маърифат тарқатиш исломий давлат қуришдан чалғитувчи ножоиз амаллар сифатида баҳоланади.

 “Ҳизбут-таҳрир” учун сиёсатдан бошқа соҳалар, жумладан, дин ҳам доим иккинчи даражали бўлиб келган. Ҳизбий даъватчилар халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилиб, норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга урғу беради. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган илмларда нўноқ эканликларини яшириб келишади.

Зайниддин домла Эшонқулов – Самарқанд вилояти бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 11/10/2021 11:32;   Кўрилганлиги: 15
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/movements/hizbut-tahrir-zalolatga-boshlovchi-firqa
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 08:49