Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оқимлар

Бесуннатлар («қуръоний»лар) фитнасидан огоҳ бўлинг!

 
 

Сўнги вақтларда айниқса, интернет тармоқларида набавий ҳадисларни юзсизларча инкор қиладиган, уларни масхаралайдиган айни чоғда эса гўёки диний руҳда мақолалар пост қилиб, илмсиз кишиларнинг бошини айлантириб, ўзларининг залолат ботқоқларига тортаётган жирканч тоифа вакиллари афсуски, ўзбеклар ичида ҳам пайдо бўла бошлади.
Уларнинг асл башарасини билмайдиганлар пост қилаётган мақолаларидан таъсирланмоқдалар ёки ҳайратга тушмоқдалар.

Бесуннатлар («Қуръоний»лар) 19 — асрда пайдо бўлган залолатдаги тоифа ҳисобланади. Уларнинг заққум илдизи Британия мустамлака қилган даврдаги Ҳиндистонга бориб тақалади. Англия Ҳиндистонни мустамлака қилган даврда у ернинг мусулмон аҳолисини маънан ва руҳан заифлаштириш учун турли туман бузғунчиликлар амалга оширган, ҳар-хил адиб, файласуф ва бошқа хил тоифаларга диний либос кийдириб, улар орқали янги-янги «исломий» фирқаларни вужудга келтирган, шунингдек, миссионерлардан иборат отлиғу пиёда залолат қўшинини бу диёрга йўналтирган.
Қавлий ҳадисларни таг-туги билан инкор этувчи бу тоифа Аслам Жайражпури, Ғулом Аҳмад Парвез, Абдуллоҳ Жакарулвий сингари Британия Ҳиндистони тарбиялаган уч-тўртта залолат бошчилари томонидан яратилган.
Булар илк бошда ўзларига «аҳлу-л-Қуръон» деган баландпарвоз ном қўйганлар. Улар фақат Қуръоннигина шариат манбаи деб ҳисоблайдилар ва уни ўз нафсларининг хоҳиш-истакларига монанд равишда тафсир ва таъвил қиладилар.
«Фақат Қуръонгагина ишонамиз, зеро, Аллоҳ таоло фақат Қуръоннигина сақлашга ваъда қилган!», деган ўта маккорона даъволарини илгари суриб, қанча-қанча илмсиз кишиларни адаштирдилар.
Уларнинг кўринишдан асалдек соф бўлиб туюлувчи, ботинда эса заҳар ташувчи бу сўзлари Али разияллоҳу анҳунинг таъбири билан айтганда «ботил ирода қилинган ҳақ сўз» дейишга ҳам арзимайди аслида. Чунки, Али разияллоҳу анҳу бу машҳур сўзларини «Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилайлик!», деган адашган хаворижларга қарата айтган эдилар. Ваҳоланки, Хаворижлар ҳам бесуннатлар сингари Суннатни жумлатан ва тафсийлан инкор қилмас эдилар.
Бесуннатларнинг залолати ва сафоҳати озгина ақлу тафаккури бор кимсага махфий қолмайди. Улар, фақат Қуръонни тан оламиз дер эканлар, ўзлари билиб ё билмаган ҳолда Исломдан бошқа бир динни олиб келдилар. Чунки, Ислом динининг асосий масдар ва манбаларининг аввалида Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара туради. Ундан кейин саҳоба ва тобеинлар ижмоъси, қиёс, истеҳсон ва урф каби нарсалар келади.
Дини Ислом бизга фақат Қуръоннинг ўзи билан эмас, балки, мазкур манбаларнинг барчаси орқали асрлар давомида етиб келмоқда. Мазкур манбаларга таяниб, асрлар давомида Ислом уламолари динимизнинг барча замону барча маконга тўлақонли жавоб бера олишини амалий равишда исботлаб келмоқдалар.
Қуръони карим таъбир жоиз бўлса бир илоҳий уруғки, ундан Ҳадис ва унинг билимлари, Қуръон ва унинг илмлари, тафсир, фиқҳ ва унинг асослари, тасаввуф, руҳий тарбия, одобу ахлоқ, қўйингки, барча-барча Ислом олами эришган илмий маънавий бойликлар ва илмий мерослар униб чиққан.
Уларнинг барчаси бир бутун бўлиб, Ваҳийдан келиб чиққан.
Шунинг учун ҳам Қуръондан бошқасини инкор қилувчи кимса, Исломни инкор қилувчи ҳисобланади. Ундай инсон Қуръонни ҳам тўғри тушуна олмайди. Чунки, кўплаб ояти карималарнинг тафсири ҳадиси шарифларда баён қилинган, саҳобаю тобеинлар сўзларида ўз ифодасини топган ва муфассир уламолар томонидан китобларда нақл қилинган. Уларнинг ҳаммасини инкор қилган одам Қуръони каримни қандай тушунсин, шундай улуғ каломни ниманинг ёғдусида англасин?! Бунга жавоб битта: ундай инсон Қуръонни ўз шайтонининг «ваҳйи» билан тушунади, унинг шивир-шивири билан англайди. Бу гаплар шунчаки, эҳтиросга берилиб айтилаётган гаплар эмас. Аслида ҳам шундай. Қуръондан бошқа барча исломий манбаларни инкор этувчи, барча тафсирларга тупурувчи, ҳадисларни рад қилувчи тоифа қандай қилиб Қуръонни тафсир қилади? Албатта, ҳавою нафси билан ва шайтоний ақли билан тафсир қилади.

Манба: AHLI SUNNA


Киритилган вақти: 17/04/2021 11:22;   Кўрилганлиги: 82
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/movements/besunnatlar-quroniylar-fitnasidan-ogoh-boling
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 21:51