Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Истинжо ҳакида
 
 

САВОЛ: – Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Дин ишларида уялиб бўлмайди деган гап борлиги учун сиздан мен учун ихтилофли бўлаётган бир масалани сўрамоқчиман.

 Бир биродарим айтдики: агар ҳожатхонага фақат кичик ҳожат билан кирсанг, истинжо қилмаса ҳам бўлавереди. Фақат кийимга тегмаслиги учун коғозга ёки кесакка яхшилаб артиб олса бўлди деди. Чунки, кўп ювавериш эркак кишига совуқ келиб кетади деди. Ўзимизнинг масжидни имомидан сўрасам, "ундай эмас, иккала авратнинг қайси биридан келса ҳам истинжо қилинади" деди. Бу масалани яна бир-икки илмли одамлардан сўрадим. Лекин икки хил жавоб оляпман.

ЖАВОБ: – «Истинжо» луғатда ахлат кетказишдир. Фуқаҳолар истилоҳида эса, нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга истинжо дейилади. Демак, сизнинг саволингизда келган «қоғозга ёки кесакка яхшилаб артиб олиш» ҳам истинжо. Сўнг уни ювмоқлик одобдир.

Ибн Можа, ал-Ҳоким ва Байҳақийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ансорийлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» дедилар. «Намозга таҳорат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», дейишди. «Мана шунингиз! Уни маҳкам тутингиз!» дедилар».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ


Киритилган вақти: 18/06/2021 09:35;   Кўрилганлиги: 117
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/fatwah/istinjo-hakida
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 08:38