Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Инсон аъзосини кўчириш
 
 

Фиқҳий китобларда бу тўғрида шундай дейилади:

Биринчидан, агар аъзоси олинаётган киши ўлган бўлса ва ўзи васият қилган ёки ўлимидан олдин рухсат берган бўлса бунга монеъ йўқ. Чунки ҳаромлиги хусусида суянса бўладиган далил келмаган. Маййит аъзоларининг ҳурматга лойиқлиги ундан тирик фойдаланишини маън этмайди. Чунки шариатимизда қарор берилган шундай қоидалар бор: “Муҳимга ундан ҳам кўра муҳимроқ муқаддам қилинади”. “Заруратлар маън этилганларни мубоҳ қилади”.

Агар васият қилмаган ёки ўлимидан олдин русат бермаган бўлса, шунда унинг валийлари изн берса жоиз. Агар изн бермасалар, жоиз деганлар ҳам, жоизмас деганлар ҳам бор. Лекин шубҳа йўқки, тирикни сақлаб қолиш зарурати ҳаромни мубоҳ қилади. Бундай аъзо кўчириш эса одатда зарурат юзасидан бўлади.

Иккинчидан, агар аъзоси кўчирилаётган инсон тирик бўлса, аъзоси кўчирилиши уни ўлимга олиб борадиган бўлса, ўзи бунга рухсат берса ҳам, бу иш ҳаромдир. Чунки бу ўз жонига қасд қилиш ҳисобланади. Агар ўзи рухсат бермаган бўлса, бир жонни ноҳақ ўлдириш ҳисобланади. Маълумки бу икки иш ҳам шариатимизда ҳаром қилинган.

Агар кўчирилаётган аъзо ўлимга олиб бормаса, яъни усиз ҳам яшаш мумкин бўлган аъзо бўлса, бу ҳолда қаралади: агар унда вожибни қилолмаслик ёки ҳаром ишга ёрдам бўлса жоиз эмасдир. Масалан икки қўлни ёки икки оёқни баробар кўчирилганда тирикчилик қилишдан ожиз бўлса ёки ношаръий йўлларда юрса, бу ҳолатда изн ва изнсиз бўлсин ҳаромдир.

Агар бундай бўлмаса, масалан икки буйракдан, икки кўздан ёки тишлардан бирини ёхуд қон берадиган бўлса, изнсиз ҳолда ҳаром ва эвазини тўлаш вожиб бўлади. Бу тўғрида фиқҳ китобларининг нафсга ва аъзоларга жиноят бўлимида батафсил сўзланган. Агар бу ҳол изни билан бўлса, бир жамоа барибир ҳаром санашади. Улар одамзот мукаррамлигини, биров унинг аъзоларидан фойдаланиши бу мукаррамлигига зидлигини ва ундан кесилган нарса кўмилиши лозимлигини далил қилишади. Имом Нававий сочни одам сочи билан улаш ҳаромлиги тўғрисида гапириб: “Мукаррамлиги учун одамнинг сочи ва бошқа аъзоларидан фойдаланиш ҳаромдир. Балки унинг сочи, тирноқлари ва бошқа аъзоларини дафн қилинади”, дейдилар.

Бу фикр эгаларига қуйидагича жавоб берилиши мумкин: Сочни сочга улаш ҳаромлиги тўғрисида агар у алдаш, ҳийла ёки фитна учун бўлмаса ихтилоф қилинган. Унинг кўмиш вожиблиги ҳақида саҳиҳ далил йўқ. Унга бориб заруратлар ҳаром нарсаларни мубоҳ қилади.

Буни жоизмас деганлар ўзларининг ҳукмларига яна инсон жисми ўзининг мулкимас, ундан фойдаланиш мумкин эмас, деган фикрни далил қилишади. Лекин бу фикр ҳам тўлиқ ишончли ва рози бўлинадиган эмас. Зеро инсон ҳаёти ва жонига молик эмас. Шундан жонига қасд қилиш ва ўзни ҳалокатга йўлиқтириш жоиз эмас. Илло ислом буюрган ҳолатларгина бундан истиснодир. Аммо инсон моддий аъзоларига эгадир, зарар эҳтимоли йўқ ҳолатлардан улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Зеро Исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ.

Бу мазкур мавзудаги ҳукм хулосаси. Кўчирилгандан кейин аъзо саломат қолиш ва қолмаслиги эса ишончли мутахассислар ҳукмига ҳавола. Айрим инсонлар жасади унга кўчирилган аъзоларни қабул қилмайди. Илм ана шу ҳолатни енгишга ҳаракат қилмоқда. Демак биз аъзоларни кўчириш жоизлигини маъқулларканмиз, унинг эвазига ҳақ олиш мумкинми, деган саволга жавоб беришимизга тўғри келади. Бу тўғрида ҳам ислом уламолари ихтилоф қилишади. Нима бўлган тақдирда ҳам кўчирилган аъзони савдога қўймаган маъқул. Чунки унга муҳтож ҳаётни қутқаришга ҳар қандай эваз тенг келолмайди. Лекин олдиндан шарт қилинмаган ҳолда чин кўнгилдан берилган ҳадяни қабул қилишга монеълик йўқдир.


Киритилган вақти: 15/09/2021 10:24;   Кўрилганлиги: 132
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/fatwah/inson-azosini-kochirish
Чоп этилган вақт: 21/09/2021 06:29