Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Қуръондаги энг жамловчи оят

 
 

إِنَّ ٱللَّهَ يَأۡمُرُ بِٱلۡعَدۡلِ وَٱلۡإِحۡسَٰنِ وَإِيتَآيِٕ ذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَيَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِ وَٱلۡبَغۡيِۚ يَعِظُكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَذَكَّرُونَ

Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз, (Наҳл сураси, 90-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон»яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган. «Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.
Инсоният тарихи мусулмонлар Ислом динини маҳкам тутиб унга амал қилган пайтларидан бошқа бирор вақт ва замонда бундай адолатни кўрган эмаслар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширадилар. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулотнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишни фойдаларига бурмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга юзланиб: “Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди”, дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланиб: “осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу узи”, дейишган.
Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам иймон ва исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки, ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин.


Киритилган вақти: 22/02/2021 14:56;   Кўрилганлиги: 102
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/qurondagi-eng-jamlovchi-oyat
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 23:00