Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Нажот топтирадиган тижоратга далолат қилайми?

 
 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا هَلْ أَدُلُّكُمْ عَلَىٰ تِجَارَةٍ تُنجِيكُم مِّنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ (10) تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنفُسِكُمْ ۚ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ (11) يَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَيُدْخِلْكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ (12)

        

  1. Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирадиган тижоратга далолат қилайми?

Иймоннинг ғолиб, исломнинг бошқа динлардан устун бўлишини баён қилиб берганидан сўнг Аллоҳ таоло мўминларнинг азобдан қутқарувчи кўплаб яхшиликларга етказувчи “тижорат” га тарғиб қилади. Аллоҳ таоло билан мўминлар ўртасидаги бу тижорат нақадар саодатли, шарафли ва улкан фойда келтирувчидир. Мўминлар бу “тижорат”ларидан хурсанд бўлишлари, Аллоҳнинг розилигини топиш йўлида жанг қилиш олий саодат эканини яхши англаб иш қилишлари керак. 

  1. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Агар билсангиз, ана шу сиз учун яхшидир.

Аллоҳга иймон келтиришни истаган инсон ҳаётда Унинг нозил қилган Қуръони Карим таълимоти асосида яшашни тақозо қилса, Аллоҳнинг РосулиМуҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш эса ҳаётда у кишидан ўрнак олиб, суннатларига амал қилиб яшашни талаб этади. Демак, мўмин киши Аллоҳ – га ва унинг Росулига иймон келтирадиган сўнг унинг йўлида моли ва жонини фидо қилиб кураш олиб бориши, яъни жиҳод қилиши керак бўлади. “Жиҳод” сўзи луғатда инсоннинг бор имкониятини ишга солиб, жидду жаҳд, ҳаракат қилишини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак мусулмон одам нажотга еришмоқчи бўлса, ўзининг куч- қуввати, ақл заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак.

  1. Гуноҳларингизни кечирур ва сизларни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга ва адн жаннатидаги яхши масканларга киритур. Ана ўша буюк ютуқдир.

Яъни, Аллоҳга ва Унинг Росулига иймон келтирсангиз Аллоҳ йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қилсангиз Аллоҳ таоло аввало, бу дунёда гуноҳларингизни кечиради, охиратда эса остиларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга, мангу яшаладиган Адн жаннатидаги покиза масканларга киритадики, у инсонлар учун икки дунёда энг катта ютуқдир. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берган: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга дедилар: Бу кеча менга Иккитаси келди. Иккови мени турғизди. Олтин ғишт ва кумуш ғиштлардан қурилган бир шаҳар етиб келди. Хилқатларининг ярми сен қурган энг гўзал шаклда, бошқа ярми эса сен қурган энг хунук шаклда бўлган кишилар бизни қарши олишди. Иккови уларга: “Бориб анави анҳорга тушинглар”, дейишди. Улар унга тушишди. Кейин олдимизга қайтиб келишди. Улардан ҳалиги ёмонлик кетиб, энг гўзал суратда бўлиб қолган эдилар. Иккови менга: “Мана шу Адн жаннатидир. Хов анави сизнинг манзилингиз. Ярми гўзал, ярми хунук бўлган қавмга келсак, улар солиҳ амал билан ёмон ишни аралаштириб юборганлардир. Аллоҳ улардан ўтиб юборди”, дейишди” (Бухорий ривояти)

(Тафсири ирфон) китобидан


Киритилган вақти: 13/03/2021 11:33;   Кўрилганлиги: 88
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/najot-toptiradigan-tijoratga-dalolat-qilaymi
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 09:02