Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Кўп гумондан, жосусликдан ва би­рингиз бирингизни ғийбат қилишдан сақланинглар

 
 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ ۖ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا ۚ أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۚ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

Эй имон келтирганлар! Кўп гумондан четланинглар, чунки баъзи гумон гуноҳдир. Жосуслик қилманглар ва би­рингиз бирингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими? Буни ёмон кўрасизлар-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ албатта тавбаларни қабул қилувчидир, раҳмлидир. (Ҳужурот сураси, 12-оят)

Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг эътиборини ўта муҳим масалага қаратишни ирода қилганида уларга "Эй имон келтирган­лар" калимаси билан хитоб қилади. Ушбу ояти каримада кам Ал­лоҳ азза ва жалла мўмин бандаларига ёмон сифатлардан саналган бир неча ахлоқий иллатлардан қайтариб, кўп гумонга боришдан узоқда бўлишни, жосуслик қилмасликни ва ғийбатга якинлаш­масликни буюрмокда.

Гуноҳга ва ҳалокатга элтувчи гуноҳлардан бири кўп шубҳа-гумонга боришдир. Ҳақиқатдан бадгумонлик, яъни ёмон гумонларга бориш, одамлар ҳақида турли бўлар-бўл­мас шубҳалар қилиш, ҳамиша ҳадикда бўлиш мўмин кишига хос бўлмаган зарарли иллатлардандир. Ўзгалар ҳакида ёмон гумон-га бориш шайтон инсоннинг қалбига осонгина кириб оладиган эшиклардан биридир. Ўтган олимлардан Зажжож: "Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо фосиқлардан бўлса, унда фосиқликнинг қайси кўриниши содир бўлса, шуни гумон қилишга ҳаккимиз бор", деган.

Мўмин кишига ёмон гумон ва туҳматдан сақланиш вожибдир. Ким одамлар айбини ахтариб, улар ҳакида ёмон гумон қилса, билингки, унинг ботини бузук­дир. Ҳар бир инсон гумондан холи эмас. Ҳозирги кунда ўзимиз билиб-билмай одамлар ҳакида турли ёмон гумонларга бораве­рамиз, ўзимиз кўрмаган вокеалар хусусида шошилинч ҳукмлар чиқарамиз. Бир биродаримиз кўрмай ўтиб кетиб колса, "Намун­ча кеккайиб қопти?!" деган маломатлар қиламиз. Яхшилик маъ­носида айтилган сўз ёки қилинган ҳаракатдан дарров шубҳага борамиз, "бир балоси бордирки, хушомад қилиб копти"... Ёмон гумонларга бораверамиз, ноҳақ хулосалар чиқараверамиз, ма­ломатлар қилаверамиз, гуноҳларимизни кўпайтираверамиз. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом "Мўмин­лар ҳақида яхши гумонда бўлинглар", деб таълим берганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар (Бухорий риво­яти). Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахта­радиган бўлсанг, уларни бузасан», деганлар.

Одамлар тўғриси­да ёмон гумон қилишнинг ҳаромлиги уларга шу гумон туфайли сўзда ёки ишда зарар етса, собит бўлади. Аммо яхши гумоннинг таъсири борми-йўқми, барибир мандубдир. Динимиз жамиятни гумонлардан тозалаш учун виждонларни ёмон гумон ифлосли­гидан поклашга чақиради. Чунки ёмон гумон жамият аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг издан чиқишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида жамиятда ахлоқсизлик ва ихтилофларни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар бадгумонликдан ўз­ларини асрашлари, бирор ҳолатни кўрганда дарров яхши гумон килишга ўтишлари  зарур.


Киритилган вақти: 01/03/2021 15:25;   Кўрилганлиги: 79
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/kop-gumondan-josuslikdan-va-biringiz-biringizni-giybat-qilishdan-saqlaninglar
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 21:42