Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Бир оятнинг икки маъноси

 
 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:


بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللّهِ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلاَةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلاَّ اللّهَ فَعَسَى أُوْلَئِكَ أَن يَكُونُواْ مِنَ الْمُهْتَدِينَ

«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар». (Тавба сураси, 18-оят)

Араб тили қоидаларига кўра, ушбу оятни бир неча маънода таржима қилиш мумкин. Қуйида икки кўриниши келтирилади:
1. «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар».
Бу таржимада «ва» ҳарфи (араб тилида мустақил ҳолда маънога эга бўлмаган сўз ҳарф дейилади) га атф, яъни боғловчи сифатида қаралмоқда. Бу боғловчи тарозининг паллалари тенг тургани каби икки ёки ундан ортиқ жумла тенг маънода эканини ифодалайди. Масалан, мазкур оятда масжидларни обод қилувчи кишиларнинг сифатлари келтирилган: Аллоҳга иймон келтириш, охират кунига иймон келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, Аллоҳдан бошқадан қўрқмаслик. Бундан оятни мана шу бешта сифат баробар бўлган, бири бўлиб, бошқаси бўлмай қолган киши эмас, бешала сифатга ҳам эга киши масжидларни обод қилади деган маънода тушунишимиз мумкин.
2. «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳдан бошқадан қўрқмаган ҳолларида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганларгина обод қилурлар».
Иккинчи таржимада «вов»га ҳолия маъносини беряпмиз ва бунда ўзгача маъно аён бўлмоқда. Яъни фақат Аллоҳдан бошқадан қўрқмаган ҳолидагина Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намоз ўқиган ва закот берган кишилар Аллоҳнинг масжидларини обод қиладилар. Бировнинг кўзи учун ёки бировдан қўрққанидан иймон келтирдим деган, риё учун намоз ўқиган киши Аллоҳнинг масжидини обод қилармиди? Қилса ҳам хўжакўрсинга ёки бировдан қўрққани учун, ёки бошқа бир ғараз билан обод қилишга ҳаракат қилиши мумкин. Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳдан ҳақиқатда қўрққан бандалар обод қилади!


Киритилган вақти: 04/03/2021 15:41;   Кўрилганлиги: 57
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/bir-oyatning-ikki-manosi
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 09:28