Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? 6- қисм

 
 

Бугунги кунимиздаги Аллоҳга макон нисбатини берувчилар юқоридаги оятларда таъвил ҳам мажоз ҳам мумкин эмас дейдилар. Фараз қилиб, сизлар айтганларинг каби “Бу ишлар мумкин эмас. Таъвил ҳам мажоз ҳам ножоиз”, бўлсин. Демак таъвил ҳам мажоз ҳам йўқ. Хўп бунга кўндик, лекин, ўзингиз айтган гапга ўзингиз амал қилмаяпсизку. Яъни, аслида, сизлар ҳам ўзларингиз келтирган оятларда таъвил қиляпсизлар.

Масалан: Биргина қуйидаги оятни оламиз. Шу оятдан бошқасига ўтмаймиз, шу оятни ўзи ҳақида гаплашамиз.

أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الأرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ

Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми.

Демак, бу оятда сизларнинг таъбирингиз билан айтганда бизда ҳам сизларда ҳам фаришталар назарда тутилган эмас, фақат Аллоҳнинг ўзи (зоти) ирода қилинган. Лекин айнан шу жойга келганда бизлар ҳам сизлар ҳам тақдирда бир калима бор дейишга мажбур бўламиз. Яни:

Сизнинг мазҳабингизга кўра: ذاته فى السماء -Унинг Зоти осмонда бўлган Аллоҳ.

Бизнинг мазҳабда: حكمه فى السماء – Унинг ҳукми осмонда бўлган Аллоҳ.

Бундай демасдан бошқа илож йўқ. Чунки оятда бу лафзлар келмаган. Биз ўзимиз айтган маънони беришимиз учун ўша лафзларни тақдирда қилишга мажбурмиз. Сизлар “Биз оятга бирор қўшимча қўшмаймиз, бирор калима тақдир қилинган деб айтмаймиз. Сизлар эса калима тақдир қиласизлар”, деб ўзиларни оқламанглар. Чунки, ҳаммамиз ҳам бир калима тақдир қилишга мажбурмиз.

Энди орамиздаги хилоф қайси бир калимани тақдирда қилинса, маъно афзал бўлишида қоляпти холос. Сизлар бизларга “Зоҳирга амал қил, зоҳиридан ташқарига чиқма, таъвил қилма, оятда йўқ нарсани зиёда қилма”, дейсизлар. Хўш фақат биз калима тақдир қилиб сизлар соф оятни ўзи билан кифояланяпсизларми. Йўқ, бундай деб одамларни алдаманглар. Ҳаммамиз ҳам калима тақдир қиляпмиз. Сизлар зоҳирий маъносидан ташқарига чиққанинглар каби биз ҳам чиқяпмиз. Сизлар калима тақдир қилганинглар каби биз ҳам калима тақдир қиляпмиз. Натижа қайси калима афзал эканида қоляпти холос. Сизлар: “Биз Қуръоннинг зоҳири билан, Аллоҳ айтган нарсадан ташқарига чиқмаймиз, Аллоҳ ўзига нимани собит қилган бўлса биз ҳам собит қиламиз”, дейсизлар. Айтингчи Аллоҳ қаерда “Зотини” ўзига собит қилди. Оятда борми? Йўқ. Унда бундай даъвони қаердан олдинглар?

Бу ерда тушиб қолган калима қайси калима эканида борасида ихтилоф бўляпти. Зотни тақдир қилиш сизнинг ижтиҳодингиз. Бу Аллоҳ ўзига исбот қилган нарсани исбот қилиш дейилмайди. Унинг ҳукми ёки амри деб тақдир қилиш бизнинг ижтиҳодимиз. Бир ижтиҳод бошқа бир ижтиҳод билан бекор қилинмайди. Ундан ташқари сизнинг ижтиҳодингиз бизнинг ижтиҳодимиздан афзал ҳам эмас. Чунки:

Оятдаги хитоб Қурайшга бўляпти. Биламизки, Мулк сураси Маккий суралардан ҳисобланади. Аллоҳ Таоло уларга: “Осмондаги Зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми”? деб таҳдид қиляпти. Бугунги кунимиздаги Аллоҳга макон нисбатини берувчилар: “Қурайш Аллоҳни осмонда мавжудлигини эътиқод қиладилар”, деб айтадилар. Бизнингча бунда бироз тафсилот бор. Лекин ҳозир бу ҳақда эмас. Улар айтган гаплари билан оятни ўргансак: Мушриклар Аллоҳнинг осмонда мавжудлигини эътиқод қиладилар, лекин фақат ибодатда Унга ширк келтирадилар. Аллоҳга макон нисбатини берувчилар мазҳабига кўра тавҳид – улуҳийят ва рубубийятга тақсимланади. Уларнинг мазҳабига кўра Қурайш Аллоҳнинг борлигини инкор қилмайди, балки Уни осмонда деб эътиқод қиладилар. Шундан келиб чиқсак, оятдаги таҳдид қаёқда қолади. Гўёки Аллоҳ Таоло уларга: “Унинг зоти осмонда бўлган Зот сизларни ерга юттириб юборишидан қўрқмайсизларми”? деб таҳдид қилмоқда. Ўзи улар Аллоҳнинг зотини осмонда деб турган бўлсалар, ўзлари билиб турган нарсалари билан таҳдид қилинмайдику. Бу услуб улар учун қўрқинчли бўлмайди. Улар Аллоҳнинг зоти осмонда деб биладилар, лекин бут-санамларига ибодат қилиб, улардан ҳожатларини сўраб, шафоат талаб қиладилар. Яни улар бут-санамлари зарар беришидан қўрқадилар. Шунинг учун улардан сўрайдилар. Аллоҳдан эмас.


Киритилган вақти: 14/06/2021 09:49;   Кўрилганлиги: 43
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/allohni-osmonda-desak-nima-boladi-6-qism
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 09:01