Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? 5- қисм

 
 

Яни Аллоҳ илми билан бирга, зоти билан эмас. Улар ҳам биз ҳам шу тафсирни айтамиз. Лекин нимага қуйидаги:

وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ

“У бандалари устидан ғолибдир”, оятини “қаҳри билан ғолибдир”, демайсизлар. Ахир бу оятлар орасида фарқ йўқку.

У сизлар билан бирга – илми билан.

У бандалари устидан ғолиб – қаҳри билан.

У Зот – У Зот.

Сизлар билан – бандалари устида.

Илми билан – қаҳри билан.

Гапнинг йўналиши ҳам, грамматик кўриниши ҳам бир хил. Аммо маъно айтишда фарқлайсизлар. Бу ерда ҳам сизлар айтган гапни айтган инсонга яхши гумонда бўласизларда, сизлар айтмаган гапни айтган инсон сизларнинг назарингизда адашган, залолатда бўлади. Жаҳмийларни гапини айтган хисобланади. Ахир бу адолатсизлик эмасми?

Агар фаразан иш аксинча бўлганида яхши бўлар эди. Яъни қуйидаги гапни аслида ҳеч ким айтмаган, балки бу оятларнинг барчаси тавил қилинган. Фақат, ушбу ўринда тушунишга қулай бўлиши учун улар келтирган оятларда таъвил қилиб, биз келтирганларда таъвил қилинмаса олдинги қилинган тафсирдан яхшироқ бўлар эди. Яни қуйидагича:

Агар улар келтирган оятларга назар солсак, уларда таъвил қилишга ишора бор. Биз келтирган оятларда эса таъвил қилишга очиқ ишоралар йўқ. 4. “У бандалари устидан Қоҳир Зотдир”. Қаҳри билан эканига оятдаги الْقَاهِرُ “қоҳир” сўзи ишора қилади. Лекин V. “У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга” оятида бундай ишора йўқ. Оятнинг аввали ёки давомидан ишораларни чиқариб олиш мумкин. Лекин айнан аввалги оят каби ўша жумланинг ўзида очиқ ишора йўқ. Нимага таъвил қилишга очиқ ишора бўла туриб таъвилни тарк қиляпсизлару, бошқа оятларда очиқ ишора бўлмаса ҳам таъвилни қабул қиляпсизлар. Бизнинг мазҳабда эса бу бобдаги барча оятларда қоидамиз бир хил. Аллоҳ Таолони макондан покламоқ учун шу маънодаги барча оятларни таъвил қиламиз. Таъвил қилганда ҳам зоҳирий маъносидан луғат эҳтимол қилган маъносига таъвил қиламиз. Буткул бошқа бир маънога эмас. Аллоҳ Таоло барча бандалари устидан қаҳри, қудрати, султонлиги билан ғолибдир деймиз, зоти билан эмас.

Яна бир ажабланарли томони шундаки

وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ

У бандалари устидан ғолибдир, оятини айнан ўхшаши биз айтган таъвилга кўра, Қуръони Каримда Фиръавн ва Мусо алайҳиссалом қиссаларида учрайди:

وَقَالَ الْمَلأ مِنْ قَوْمِ فِرْعَوْنَ أَتَذَرُ مُوسَى وَقَوْمَهُ لِيُفْسِدُوا فِي الأرْضِ وَيَذَرَكَ وَآلِهَتَكَ قَالَ سَنُقَتِّلُ أَبْنَاءَهُمْ وَنَسْتَحْيِي نِسَاءَهُمْ وَإِنَّا فَوْقَهُمْ قَاهِرُونَ

Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: “сени ва ҳудоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?”-дедилар. У: “Ўғилларини ўлдирурмиз ва аёлларини тирик қолдирурмиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз”,-деди[20].

Ушбу оятда Фиръавн: “Баний Исроил устидан қаҳр ўтказувчимиз”, деганда “Фиръавн ва унинг аскарлари Бани Исроил қавмининг устида зоти билан турибди”, деб бирор ақли бор одам айтмайди. Балки биз улар устидан ҳукм қилувчимиз, улар эса бизнинг хизматкорларимиз, қулларимиз деган маънода тушунади. Хўш энди бу оятга нима дейсизлар. Сизлар келтирган оят билан сўзма-сўз бир хилда келяпти, лекин маъно биз таъвил қилганимиздек бўляпти.

Бу холатни бошқа бир оятда ҳам кўришимиз мумкин.

إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ

“Унга хуш каломлар юксалур”. Ушбу оятга ҳадисларда келган маънолар (фаришталар осмонга олиб чиқишлари)ни қўшиб, Аллоҳга кўтарилур, демак Аллоҳ осмонда ёки юқорида деб далилланасизлар.

Худди ушбу оятга ўхшаш оят Иброҳим алайҳиссалом қиссаларида ҳам келади. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми у кишини ёндирмоқчи бўлганларида, Аллоҳ нажот беради. Иброҳим алайҳиссалом қавмидан ҳижрат қилиб кетаётганларида қуйидаги оятдаги гапни айтадилар.

وَقَالَ إِنِّي ذَاهِبٌ إِلَى رَبِّي سَيَهْدِينِ

У: “Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур”, деди[21].

“Роббимга боргувчиман”, деб, Муқаддас ер Фаластинга ҳижрат қилиб бордилар. Бу ерда ҳам бирор ақлли инсон: “Аллоҳ Муқаддас ерда эди”, деб айтмайди.

Олдинги оят ва бу оят бир хил, яни

Аллоҳга кўтарилур – Аллоҳга боргувчиман.


Киритилган вақти: 10/06/2021 10:39;   Кўрилганлиги: 83
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/allohni-osmonda-desak-nima-boladi-5-qism
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:42