Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? 2- қисм

 
 

Бугунги кунда ўз жавобини кутиб турган масъалалардан бири “Нима учун Аллоҳни осмонда демаймиз. Ахир очиқ ойдин оятлар бунга далолат қилиб турибдику. Оятларни инкор қиламизми”? деган саволлар бўлмоқда.

Аслида бу масълалларга киришиш оддий халқ учун ҳеч ҳам зарур эмас эди, лекин хохлаймизми йўқми бу саволлар майдонга чиқиб бўлди. Энди уларга тўлақонли, ақлни қаноатлантирадиган ҳамда қалб таскин топадиган жавобларни ўз вақтида бермасак, бизнинг ҳолатимиз черковлар билан ўхшаш бўлиб, бу масъалада бизнинг йўлимиз кимлар учундир далил ҳужжати йўқ, заиф йўл бўлиб кўринади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Агар инсоф билан Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг китобларини варақлаб кўрсак, бу саволларга аллақачон жавобларни битиб кетганига гувоҳ бўламиз. Ботил аҳли ҳар сафар масъала эскиргач, қайтадан шу масъалани яна майдонга олиб чиқишга уринишади. Нима қилиб бўлса ҳам жамият орасига тафриқа солиб, бирдамликни йўқотишга ҳаракат қиладилар. Майли агар улар бу масъалани қайта кўтарган эканлар, биз ҳам уларнинг даъволарига жавоб бўлиши учун уламоларимиз тарафларидан берилган жавобларни тақдим қилиб қоламиз. Бунда биз замонамиз Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг забардаст вакилларидан бўлган Доктор Ҳамза Бакрий ҳафизаҳуллоҳнинг Имом Ламиший[2] роҳматуллоҳи алайҳининг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид[3]” (Тавҳид қоидаларига тайёрлов китоби) асарига айтган видео шарҳларидан фойдаланамиз. Ушбу дарсликни танлашимиз бежиз эмас. Чунки бу шарҳни ўқиб чиққанингиздан кейин сизда бу масъала юзасидан ҳеч қандай муаммо қолмайди. Бутун шубҳа-гумонларингиз тарқайди. Аҳли сунна вал жамоъанинг йўли қай даражада мустаҳкамлиги, қандай далилларга эга экани ва далилларга қандай нозик муносабатда бўлишига гувоҳ бўласиз. Аҳли суннанинг олдида бошқа тоифаларнинг бу масъалада қанлай хатога йўл қўйганларини билиб оласиз. Кўп куттирмай мавзуга киришамиз:

(Аллоҳдан) Макон ва жиҳатни нафий (инкор) қилиш

“Сўнгра (оламни) Яратувчи буюк ва олий зот макон билан сифатланмайди. Юқорида “Аллоҳ Таоло ва оламнинг жузларидан бирор нарса орасида ўхшашлик йўқ” лиги ўтганлиги учун. Агар Аллоҳ Таоло бирор маконга жойлашган бўлганида эди миқдор жиҳатидан Аллоҳ Таоло ва макон орасида ўхшашлик бўлиб қолар эди. Чунки ҳар бир макон эгаллаб турувчининг ўрни у эгаллаб турган жойнинг миқдоричадир. Аллоҳ Таоло ва оламнинг жузларидан бирор нарса орасида ўхшашлик самъий(нақлий) ва ақлий далиллардан иборат биз зикр қилиб ўтганларимиз сабабидан ўхшашлик нафий қилинган”[4].

Шарҳ: Аҳли сунна вал жамоа: “Аллоҳ Таоло макондан беҳожат Зот, бирор маконда ҳам, бирор тарафда ҳам эмас”, деб билади. Китоб матнида ушбу ақидага ақлий далиллар келтирилмоқда.

Бу биринчи далил. Аллоҳ Таоло ва унинг махлуқотлари орасида бирор жиҳатдан ўхшашлик йўқ. Агар Аллоҳ Таоло бир маконга ўрнашган бўлганида эди, Аллоҳ Таоло ва макон орасида миқдорда ўхшашлик бўлиб қолар эди. Қайсидир бир маконни эгаллаб турган нарса ўзи эгаллаб турган макон миқдорига тенг бўлади. Чунки у ўша макондан ўз ҳажми миқдоричасини тўлдириб, банд қилиб туради. Банд қилинган ўша макон ва банд қилиб турувчи орасида миқдорда ўхшашлик бўлади. Бу далил хусусида баъзи муноқашалар бўлса ҳам, бошланғич тушунча ўлароқ далилликка дуруст бўлади.

“Ва яна макон (исботи борасида) гапиришликда маконни қадим дейишлик ёки Борий зотни ҳодис дейишлик лозим келиб қолади. Бунинг барчаси муҳолдир(бўлиши мумкин бўлмаган иш)”.


Киритилган вақти: 02/06/2021 13:34;   Кўрилганлиги: 77
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/allohni-osmonda-desak-nima-boladi-2-qism
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 08:44