Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Жамият

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ:

{ مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ }

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари

3. Аллоҳ учун яхши кўриш.
Яъни, дўст ва биродарга бўлган муҳаббат Аллоҳ учун бўлиши, қариндошлик ёки тижорат каби дунёвий манфаатлар учун бўлмаслиги лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: ... бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши...» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мана шу ҳақиқий муҳаббат, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан ва энг улуғ тармоқларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлик қилиш, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўриш иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан» (Аҳмад ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).
Дунёвий мақсад йўлидаги муҳаббат эса ўша мақсад амалга ошиши билан барҳам топади. Бундай муҳаббат вақтинчалик ва беқарор муҳаббат бўлиб, унда на давомийлик, на яхшилик бўлади. Кўпинча у арзимас сабаблар ва оддий зиддиятлар туфайли адоватга айланиб кетади.
4. Биродарига уни Аллоҳ учун яхши кўришини билдириш.
Дўст дўстига уни Аллоҳ учун яхши кўришини айтиб қўйиши ўртадаги дўстлик ва муҳаббат ришталарининг кучайишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари). Ҳатто, унинг уйига бориб, бу ҳақда айтиб, хабардор қилиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига бориб, уни Аллоҳ учун яхши кўришини етказиб қўйсин» (Аҳмад ривояти).
Қаранг, қандай гўзал одоб! Дилга нечоғли таъсирли! Бироқ, бунга амал қиладиганлар нақадар кам! Ҳолбуки, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишдан, уни ёйиш ва одамлар орасида изҳор қилишдан асло хижолат бўлмаслиги керак. Аслида бу иш унга савоби келиб турадиган солиҳ амаллар ичида энг улуғларидан.
5. Биродарига салом бериш ва унинг саломига алик олиш.
Яъни, учрашган пайтингизда унга салом беришингиз ёки у биринчи бўлиб салом берган бўлса алик олишингиз. Бу, албатта, Исломий салом билан, яъни «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ» дейиш билан бўлади. Ушбу саломлашув калималаридан воз кечиш, бунинг ўрнига одатда кофирлар ишлатадиган саломлашув ибораларини қўллаш, масалан: «гуд монинг», «привет» каби ажнабий сўзлар билан саломлашиш, ёки бўлмасам уни «хайрли тонг», «салом» каби сўзларга алмаштириш жоиз эмас. Бироқ, аввал исломий салом билан бошлаб, ортидан бошқа салом лафзларини ишлатса – кофирларнинг саломлашуви бўлмаслиги шарти билан – зарари йўқ. Афзали ва яхшиси – ислом саломи билан кифояланишдир. Зеро, бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг феълларидан. Ушбу одобга далолат қиладиган ҳадислардан бири шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмоннинг мусулмон устида олтита ҳаққи бор», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганда: «Агар учрашсанг унга салом бер, меҳмонга чақирса ижобат қил, насиҳат сўраса насиҳат қил, акса уриб, “Алҳамду лиллаҳ» деса «Ярҳамукаллоҳ» деб ташмит айт, бемор бўлса бориб кўр, вафот этса жанозасига қатнаш» (Муслим ривояти).

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 19/03/2021 14:25;   Кўрилганлиги: 65
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/society/alloh-yolida-dostlashish-odob-va-huquqlari
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 22:18