Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Бошқа мавзулар

Аёл қизларимиз-доим эъзозда.

 
 

Муқаддас динимиз таълимотларида инсон ҳаёти учун муҳим ҳисобланмиш бирор бир мавзуни эътибордан четда қолмаган. Бунга Қўни-қўшничик, меҳмондорчилик ва эр-хотин ўртасидаги муомала ва муносабатларни мисол келтиришимиз мумкин.

Жумладан аёлнинг васфи, унинг жамиятда тутган ўрни ва қадр- қиммати ҳақида ҳам батафсил тўхталган.
Аёл аввало онамиз, опа-синглимиз, қизимиз ҳамда жуфти ҳалолимиздир. Аёл борки уйимиз саранжом-саришта, кийим-кечагимиз покиза ва қалбимиз хотиржамдир.

Азизлар бу дунёни аёлларсиз тасаввур қилиб бўладими?! Шириндан шакар фарзандларимизни дунёга келишига ҳам сабабчи аёл эмасми?!. Аёл доим эъзозда доим иззатдадир.
Ислом келишидан аввал аёлларга кераксиз буюм каби муомала қилинар, хатто қиз фарзанди борларга таҳқирмуносабатда бўлинар эди.

Ислом дини келгач, инсоният аёл зоти эркакнинг ажралмас бир қисми эканини англаб етди. 

 وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى
أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ
“Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”. (Нисо 19-оят.)
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида айтадиларки:
قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : « اسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْراً فَإِنَّهُنَّ عِنْدَكُم عَوَانٌ »
“Аёлларга доимо яхшилик қилинг, чунки улар сизларнинг ёрдамчиларингиздир”.

Бошқа бир ҳадисда:
قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : « اتَّقُوا الله في الضَّعِيفَيْن : اليتيمِ والمَرْأَةِ »
“Икки заифнинг ҳаққидан Аллоҳга тақво қилинг, бири етимнинг ҳаққи ва иккинчиси эса аёлнинг ҳаққи”.

Ушбу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, албатта аёл ислом билан қадр, даража топган. Ҳар бир аёл қизларимиз ушбу даражага мос ҳолда ҳаёт кечирмоқлари даркор.
Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб ажрашади. Бу билан эр Аллоҳ таоло берган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби бир қанча катта неъматларга ношукрлик қилган бўлади.
Баъзи нобакор инсонлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳга қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, динимизнинг асосий манбаси Каломуллоҳда 14 асрдан зиёдроқ вақт аввал аёлни эъзозлаш илоҳий амр билан буюрилган. Шундай экан, аёл-қиз ва оналаримизни нафақат бир кун, балки йил ўн икки ой эъзозлашимиз – динимиз талабидир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб этсин! Аёл-қизларимизни шариатимизда кўрсатилганидек эъзозлашимизда Аллоҳ таоло тавфиқ берсин! Омин!


Киритилган вақти: 07/03/2021 11:53;   Кўрилганлиги: 83
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/others/ayol-qizlarimiz-doim-ezozda
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 10:01