Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оила

Ота-онага оқ бўлиш - улкан гуноҳдир

 
 

Ҳар бир фарзанд туғилганидан ота-онанинг қарамоғида бўлади. Ота-она фарзандини бағрига босиб, яхши яшаши учун имкон қадар шароит яратиб беради. Кеча-кундуз фарзандининг ташвиши билан машғул бўлади. Аллоҳ таола “Нисо” сурасининг 36-оятида: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк қилманглар! Ота-онага, қариндош-уруғларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас”, деб марҳамат қилган. Бу оятни ўқиган ҳар бир киши ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таоло томонидан фарзандларга буюрилганини билиб олади. Шундай бўлсада баъзи бир фарзандлар ота ва онасини хафа қилиб кўз ёш тўкишига сабабчи бўлади. Бу ҳолатларда эса Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб, икки дунё саодатидан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло “Исро” сурасининг 23-24-оятларида: “Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлври ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уф” дема. Уларни жеркма ва уларга ёқимли сўз айт! Икковларига меҳрибонлик билан хокисорлик қанотингни пастлат ва “Раббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, дея марҳамат қилган. Шундай экан фарзанд ҳеч қачон ота-онасига қарши чиқмаслиги, ҳатто ҳар қандай холатда ҳам уларнинг хизматини қилиб дуоларин олиши лозим экан. Ота-онанинг хизматини қилмасдан уларга озор бериш Аллоҳнинг амирини бажармаслик бўлади. Аллоҳнинг амрини бажармаслик эса дўзахга тушишига сабаб бўлади. Ибн Можа Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Бир киши келиб, “Эй Расулуллоҳ, ота-онани фарзандларидаги ҳаққи нима?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен жаннати бўлишинг ҳам, дўзахи бўлишинг ҳам уларнинг қўлидадир”, дедилар. Ҳаётга енгил қарайдиган, фақат нафсини ўйлайдиган, бойликка учиб одамийлигини унитган кимсалар ота-она қадрига етармиди?! Ота –она қадрига етиш учун қалбда имон бўлиши керак. Имони бор одам нафақат ўз ота-онасига, балки бошқаларга ҳам меҳрибон бўлади. Имом Байҳақий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бир банда ёшлик қилиб ота-онасига ёки улардан бирига оқ бўлган бўлса-ю, ота-онаси оламдан ўтиб кетган бўлса, у банда ақлини танигандан кейин, Аллоҳдан ота-онасининг гуноҳларини сўраб, улар ҳақига тинимсиз дуолар қилаверса ва ҳар жума куни қабирларини зиёрат қилиб турса, Аллоҳ у банданинг ота-онасини рози қилиб, уни ота-онасига яхшилик қилганлар қаторига ёзади”, деганлар. Бу ўткинчи дунёда биз учун энг ҳурматли инсон ота-онадир. Кимнингки ота-онаси ҳаёт бўлса жаннатни ўзига нақд қилиб қўйишга имконияти бор бўлади. Бу имкониятни қўлдан чиқариш энг катта нодонликдир. Зеро ота-онага оқ бўлишлик улкан гуноҳдир. Гуноҳ эса кишини дўзахга етаклайди. Мусулмон киши Аллоҳдан дўзахдан пано беришини, жаннатга киритишини сўрайди. Шуни эсдан чиқарманг-ки жаннат оналар оёғи остидадир. Имом Байҳақий ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси фарзанд ота-онасига раҳмат назари билан қараса, Аллоҳ таоло у бандага даргоҳида қабул қилинган ҳаж савобини ёзади”, дедилар. Шунда саҳобалар, кунда юз марта қараса-чи”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “ Ҳа , Аллоҳнинг хазинаси кенг, фарзанд ота-онасига юз марта қараса, Аллоҳ юз марта савобини бераверади”, деб жавоб бердилар. Дарҳақиқат, инсон дунёга бир маротаба келади. Дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасини хизматини қилиб, дуосини олиш ҳар бир мўмин бандага насиб қилсин.

БОБОБЕК АБДУРАҲИМОВ – Самарқанд шаҳар “Қорабой оқсақол” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 29/01/2021 10:56;   Кўрилганлиги: 146
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/family/ota-onaga-oq-bolish-ulkan-gunohdir
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 22:38