Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оила

Фарзанд – Аллоҳнинг неъмати

 
 

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳар бири қадрли ва фазилатлидир. Аввало ҳар бир мўмин энг қадрли бўлган неъмат – иймон ва илм неъматидир. Бу икки неъмат мужассам бўлган тақдирда руёбга чиқадиган энг улуғ неъмат – Аллоҳга қулликни изҳор қилишга сабаб бўладиган ибодатдир. Шунингдек кўриш, эшитиш, гапириш, сезиш, тафаккур, ақл, фаросат, қўл, оёқ каби неъматларни санасак, ҳаргиз саноғига етиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят)

Ана шундай неъматлардан бири, бу фарзанд неъматидир. Бу неъматнинг улуғлигини, уни Аллоҳ таолодан бошқа зот бера олмаслигини тўлиқ англаб етиш учун бефарзандларнинг ҳолига назар солиш керак. Ана шунда инсон фарзанд неъмати қанчалик улуғ неъмат эканини тушунади. Демак, ҳар бир ота-она уларга фарзандни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч қандай зот бера олмаслигини чуқур ҳис қилишлари зарур. Ҳар бир боланинг соғ-саломат туғилиши бутун инсоният учун Аллоҳнинг тенгсиз лутфу карами, инъоми ва марҳамати эканини англаб етиш учун Қуръони каримга бир назар солишнинг ўзи етарли.

Аллоҳ таоло “Шўро” сурасида бундай марҳамат қилади: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. (У зот) хоҳлаган нарсасини яратур. (У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб - ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Алийм ва Қодийрдир” (49-50 оятлар).

Дарҳақиқат, “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир”. Тафаккур қилинса бизни қуршаб турган борлиқ осмонлар, ер, қуёш, ой, юлдузлар, махлуқотлар ва ўсимликларни Аллоҳ таоло яратган. Демак, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. Мулкнинг эгаси Аллоҳ бўлгани учун “( У зот) хоҳлаган нарсасини яратур”. Йўқдан пайдо қилиш, яратиш сифати Аллоҳга оиддир. Ўғил ёки қизни ҳам Аллоҳ яратади. Бу яратишга ҳеч ким аралаша олмайди.    

 “(У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Аллоҳ “хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур”. Айрим оилалар фақат қизлардан иборат бўлади. Ўғил фарзанд кўриш мақсадида диний ва дунёвий сабабларни қилишади. Агар қандай фарзанд кўриш иродаси инсонга тегишли бўлса, ўзи хоҳлаган вақтда, хоҳлаган фарзандга эга бўлар эди.

Демак, ўғил ёки қиз бўлиши Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан. Инсон бу масалада ожиз. Шунингдек, “ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Айрим оилалар фақат ўғиллардан иборат бўлади. Қиз фарзандга муҳтож бўлади. Инсоннинг қиз фарзандга эга бўлишида ҳам ўзида ихтиёр йўқ, бу ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан. “Ёки уларни жуфтлаб - ўғил-қиз қилиб берур”. Ўғил ва қиздан иборат оилалар одатда жамиятда кўп учрайди. Аралаш фарзанд кўриш ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир.

“Ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур”. Эр ва хотин фарзанд кўриш борасида ожизлиги ва улар бир сабаб эканлигини инсонларга билдириш мақсадида Аллоҳ таоло айрим оилаларни туғмас қилиб қўяди. Фарзандга зор бўлиб мутахассисларга кўриниб юришади, лекин инсоннинг фарзанд кўриши Аллоҳнинг иродасига боғлиқлиги учун фарзанд неъматидан бебаҳра бўлиб ўтиб кетишади. “Албатта, У Аълийм ва Қодийрдир”.

Яъни, Аллоҳ ҳамма ишни билиб қилади. Ҳоҳлаган бандасига қиз, хоҳлаган бандасига ўғил ва хоҳлаган бандасини туғмас қилиб қўяди. Бу ишлар Аллоҳга осондир, чунки У зот барча ишга қодирдир.

Фарзанд туғилиши кўп такрорлангани сабабли, инсонлар орасида эр-хотинлик муносабатидан кейин фарзанд туғилади деган нотўғри тушунча мавжуд. Ҳомиланинг пайдо бўлиши, унинг ривожланиб бориши ва онадан соғ-омон туғилиши бу – Аллоҳнинг иродаси ва инсониятга қилган лутфи-карамидир. Ҳомиланинг ривожланиши ва соғлом туғилиши инсонга боғлиқ эмаслигин эслатиш мақсадида Аллоҳ инсондан озгина марҳаматини буриб қўйса, ҳомила икки, ёки уч ойлигида нобуд бўлиши мумкин.

Ҳомила тўққиз ойлик бўлганидан кейин ҳам эсон-омон туғилишига ҳеч ким кафолат бермайди. Аллоҳ марҳаматини ҳомиладан буриб қўйса, ҳомила туғилиш вақтида вафот этиши мумкин. Айрим ҳолларда туғруқ ҳолатида аёллар вафот этади. Гоҳида туғруқ вақтида Аллоҳ марҳамат қилмаса аёл ҳам, бола ҳам вафот этиши мумкин. Демак, ҳомиланинг ривожланиши, боланинг соғлом ҳолатда дунёга келиши Аллоҳнинг бандасига қилган лутфу-карами ва марҳамати туфайлидир.

Аллоҳ таоло кимга фарзанд неъматини берса, банда ўша неъматга шукр қилиши керак. Шукр қилиш уч хил бўлади:

  1. Қалб билан шукр қилиш – ҳар бир неъматни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бера олмаслигини инсон қалбдан ҳис қилиши лозим. Фарзанд неъматини берганлиги учун Аллоҳга қалби билан шукр қилиши керак.
  2. Тил билан шукр қилиш – инсон ўзига етган неъматга қалби билан шукр қилса, бу шукр кейинчалик тилига ўтади. Яъни, фарзандни берган Аллоҳ таолога ҳамд ва мақтов сўзларни айтади.
  3. Амалий шукр – неъматни неъмат берувчини рози қиладиган қилиб тасарруф қилишга қилишга амалий шукр дейилади. Аллоҳ таоло бир кишига фарзанд берса, унга неъмат берибди. Банда Аллоҳ таолони рози қилмоқчи бўлса, фарзандни Аллоҳни танийдиган, Унинг буйруқларини бажарадиган, қайтариқларидан қайтадиган, чин мусулмон қилиб тарбиялаши шарт бўлади. Демак, инсон фарзандини эътиқодли, тарбияли, инсонлар, жамият ва ватанининг манфаатига хизмат қиладиган инсон қилиб вояга етказса, Аллоҳнинг неъматига шукр қилган бўлади.

Киритилган вақти: 04/10/2021 10:23;   Кўрилганлиги: 23
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/family/farzand-allohning-nemati
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 10:09