Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оила

Эр - хотинга тавсиялар

 
 

Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидагиларга эътибор бериш тавсия қилинади:
1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки фақатгина тушунмовчиликдан иборатми, шуни аниқлаб олиш керак. Чунки кўпинча орадаги оддий тушунмовчилик муаммо туғдирган бўлади. Агар ўша англаб етилса ва икки тараф бир-бирини тушунса, иш осон кўчади.
2. Дастлаб ҳар ким ўзига назар солсин, ўзини ўзи тергасин, камчиликларини ўйласин, Аллоҳ кўриб, билиб турганини ёдга олсин. Шунда ҳар ким ўзига келади ва шеригининг ўзига нисбатан йўл қўйган хатосини арзимас санайди.
3. Ҳар ким, банданинг бошига бало беҳудага тушмаслигини, оиладаги жанжал ҳам бало эканини, ўзи содир этган гуноҳ сабабидан шу ҳолга тушиб турган бўлиши мумкинлигини ўйласин. Улуғ тобеъийн Муҳаммад ибн Сийрийн: «Хотиним ва уловимнинг хулқидан ўзим маъсият содир этганимни биламан»,– деганлар.
4. Икки тараф ҳам хилоф авж олиб, ўзларидан бошқаларга ҳам етиб бормаслиги тўғрисида чора кўришлари зарур. Акс ҳолда, орага ота она ва қариндошлар ҳам қўшилиб, иш жиддийлашиши, ажрашиб кетишгача бориши мумкин.
5. Низо нима ҳақида эканини аниқлаш ва ўша нарсани бартараф этишдаги олдинги тажрибаларни ишга солиш катта фойда беради.
6. Эр хотиннинг ҳар бири муаммо ҳақидаги ўз тушунчасини очиқ айтиши, гапим тўғри, бошқаси нотўғри, деган фикрдан йироқ бўлиши ва иккинчи тарафни ҳам эътибор билан тинглаши ишни осонлаштиради.
7. Суҳбатнинг аввалида икковлари ораларидаги яхшиликларни эслашлари мақсадга мувофиқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ораларингиздаги фазлни унутманг» – деган. Албатта, эр хотиннинг ўз ораларидаги фазлни эслашлари шайтонни қувади ва ўрталарини ислоҳ қилишга ёрдам беради.
8. Ҳар ким ўз ҳаққинигина ўйлаши, мазкур ҳақни катталаштириб юбориши ҳам орани ислоҳ қилишга ёрдам бермайди.
9. Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда кимнинг хатоси аниқланса, ўшанинг ўз хатосини тан олиши катта жасоратдир.
Шунинг учун икки тараф ҳам ушбу жасоратни кўрсатишга тайёр туриши даркор. Мазкур жасорат содир бўлганда эса, иккинчи тараф биринчи тарафнинг хатосини эътироф этганига ташаккур билдириши ва раҳмат айтиши лозим. Зотан, хатони эътироф этиш ботилда бардавом бўлишдан миллион марта афзалдир. Хатони эътироф этиш тўғри йўлдир.
10. Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда икки тараф ҳам бир-бирининг асл табиатида бор нарсаларга сабр қилиши керак. Мисол учун, эр аёлларнинг асли табиатида бор бўлган рашк сифатини доимо ҳисобга олиши ва ундай нарса содир бўлганда сабр қилиши зарур.
Абу Довуд ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари бир идишга таом солиб, ўз ходимларидан юбордилар. Бас, у (аёл) идишни қўли билан уриб, синдирди.
Набий алайҳиссалом идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва: «Онангиз рашк қилди, енглар», – дедилар.
Улар то у (аёл)нинг идиши келгунча едилар. У зот: «Енглар», деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи улар (таом емоқдан) фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар».
Ушбу ривоятда исмлари айтилмаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бўлган завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиздир. Бўлиб ўтган ҳодисани ровийлар мақтовга сазовор эмас, деб тушуниб, у кишининг исмларини очиқ айтмай, учинчи шахс сийғасида, у аёл, деб гап юритишган.
Бошқа бир ривоятда эса, бу ҳодисани Оиша онамизнинг ўзлари айтиб берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида бир тўп кишилар билан ўтирганларида София онамиз таом пишириб, ходимлари орқали юборадилар. Идиш ҳам, таом ҳам Оиша онамизникидан яхши бўлади.
Шунда Оиша онамизни титроқ босиб, София онамизнинг идишларини уриб, синдирадилар. Идиш иккига бўлиниб, таом тўкилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг бўлакларини йиғиштириб, ушлаб туриб, таомни унга тўплайдилар ва ўтирган кишиларга: «Онангизнинг рашки келди, сизлар (ҳеч хижолат бўлмай) таомни енглар», – дейдилар.
Бошқа ривоятда айтилишича, Оиша онамиз:
«Ё Аллоҳнинг Расули, қилган ишимнинг каффороти нима?» – дейдилар. У зот:
«Идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом», – дейдилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо София онамизнинг синган идишларига ўхшаш идиш олиб келишга кетадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларга таомни едириб, таом олиб келган хизматчини кетказмай турадилар. Таом еб бўлинганидан кейин бутун идишни хизматчига берадилар.
11. Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда Аллоҳ таолонинг қисматига тан бериш ҳам катта ёрдам беради. Аёл киши эридан яхшилик кўрса, шукр қилсин. Агар бошқа нарсани кўрса, «Ҳамма эркаклар ҳам шундай», десин. Эр ҳам «Бу кўргулик ҳамманинг бошида ҳам бор, ёлғиз менга бўлаётгани йўқ», десин.
12. Хилофни бартараф қилишни аччиғи чиқиб турганда ҳал қилишга киришмаслик керак. Вақт ўтиб, ғазаб босилиб, ақлу хуши жойига тушганда масалани хотиржамлик билан кўрса, яхши бўлади.
13. Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда ҳар икки тараф ҳам бир поғана паст тушишга тайёр туришлари керак бўлади. Чунки ҳар ким айтганида туриб олса, муаммони ҳал қилиш чигаллашади.
14. Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда икки тараф ҳам шошилмаслиги зарур.
Шошилиш шайтондандир. Ўзлари учун умр савдоси ҳисобланган муҳим масала ҳал бўлаётганини эсда тутиб, хотиржамлик билан иш олиб бориш муҳимдир.
15. Эр хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда эр ҳам, хотин ҳам бахт-саодат молу дунёда, ҳовли жойда ёки бошқа моддий бойликларда эмаслигини бир зум ҳам эсдан чиқармасинлар. Балки, бахт-саодат фаровон турмушда, аҳил-иноқликда ва меҳр-муҳаббатда эканини билсинлар.
16. Бир-бирларининг хатоларини, қоқилиш ва туртинишларини афв этишга доимо тайёр туриш ҳам эр хотин орасидаги хилофнинг олдини олади.
 

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди 


Киритилган вақти: 02/06/2021 13:25;   Кўрилганлиги: 79
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/family/er-xotinga-tavsiyalar
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 22:46