Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Устоз – азиз инсондир!

 
 

Устоз! Устоз бу - отангдек азиз бўлган қадрли инсондир.

Устоз бу - билмаганингни ўргатган инсондир

Устоз бу - сенинг биринчи бўлиб қаламни ушлаб ёзишни ўргатган муаллимингдир.

Устоз бу - сенга ўқишни ўргатган ўқитувчидир.

Устоз бу - дунёда сени азиз қилувчи илмни берадиган шарафли инсондир.

Устоз бу - охиратингни обод қиладиган инсондир.

Устоз бу - Аллоҳни танитадиган устозингдир.

Дейдилар, дунёда асли ким Азиз,

Айтдилар устоздир, устоз бегумон,

Тағин айтдиларки, Азиз шубхасиз,

Устозлар қадрига етолган инсон.

 

Ҳақиқатан ҳам, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчилар, мураббийлар, домлаларнинг ва барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир. 

Ҳазрат Навоий устозликни юқори даражага кўтариб, улуғлаган бўлсалар, Амир Темур Кўрагон вафотидан кейин ўз жасадини устози Саид Барака ҳазратларининг пойига қўйишларини васият қилган. 

Аллоҳ таоло айтади: 

Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» деди. (Каҳф сураси, 66-оят). 

Мусо (а. с.) улкан Пайғамбар бўлишларига қарамай, ўзларидан кўра илмлироқ, ўзларига устоз бўлиши мумкин бўлган кишига ўта одоб билан мурожаат қилиб, унга шогирд тушишни сўрадилар. Албатта бу устозга бўлган ҳурматдир. 

Фарзанднинг аввалги тарбиячиси ота-онасидир, чунки улар жисмни, ақлни парвариш қиладилар. Устоз ва муаллим эса ақлингизни чархлайди, сизни яхшилигингиз ва бахтингизни ифода этадиган нарсалар сари чорлайди. Шунинг учун одоб юзасидан уларни севиш ва улуғлаш лозим бўлади. Устоз шундай инсонки, у сизга ўқиш ёзиш, ҳисоб-китоб, меъморчилик, жамики илму маърифатни ўргатади. Гўзал одоб ахлоқни ўргатиб, етуклик ва фазилатларга етаклайди. фойдали ишларни баён қилиб, уларни бажариб фойда олишни ўргатади, зарар етмаслиги учун зарарли ишлардан огоҳлантиради. 

Бу муҳтарам зотлар одоб ахлоқ ўргатиб, олий мақомларга, юксак лавозимларга тайёрлайдилар, комил маърифатингиз ва тарбияланган ахлоқингиз билан одамлар орасида муносиб ўрин эгаллашингизга замин яратадилар. 

Устоз сизга Илоҳингиз ва Яратувчингизга қандай ибодат қилишни, Уни қандай улуғлашни, Унинг ҳаққини қандай адо этишни ўргатади. Устоз инсонларнинг сизга нисбатан ва сизнинг инсонларга нисбатан вожиботларингизни баён қилади. Натижада сиз инсонларга зулм қилмайсиз, улар ҳам сизга зулм қилишмайди, инсонларга зарар етказмайсиз, улар ҳам сизга зарар етказишмайди. Устоз бутун мавжудотлар ичида ота-онангиздан кейин сизни яхши кўрувчи инсондир. У зот обрў-эътиборингиз кўтарилса сизга ҳасад қилмайди, аксинча бундан ғоятда хурсанд бўлади, қувонади, чунки у юксалишингиз, обрўйингиз ошиши билан фахрланади. 

Устоз ва муаллимингиз сизнинг дунё ва охиратдаги саодатингиз воситасидир. Шунинг учун ота-онангизни яхши кўрганингиз ва улуғлашингиз каби у инсонни ўз муҳаббатингиз билан мукофотлашингиз, улуғлашингиз вожиб бўлади. 

Инсоннинг ҳидоят топишида китобнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки китоб устоз бўла олмайди. Балки жонли, яъни, инсонлардан бўлган устознинг ўрни ўта муҳимдир. Агар китобнинг ўзи устозликка кифоя қилганида, Аллоҳ таоло минглаб пайғамбарларни юбормаган бўлар эди. Эътибор беринг, қанча китоб берилгану, қанча пайғамбарлар юборилган. Тўртта китоб (яъни, Забур, Таврот, Инжил, Қуръон) берилган бўлса, юз мингдан зиёд (124.000) пайғамбарлар юборилган. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам китоб олиб келишмаган. Лекин уларнинг барчаси устоз бўлиб келганлар. Инсонларга яхшиликнинг таълимини берганлар. 

Илм нурдир. У нур устознинг қалбидан шогирднинг қалбига ўтади. Агар устоз бўлмаса, мазкур нур қалбга кирмайди. Шунинг учун илм олишда яхши устоз танлашимиз ва уни маҳкам тутмоғимиз лозим.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, инидаги чумоли, денгиздаги балиққ ҳам яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “Устоз нимаики айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиши керак”, дейилади.

Буюк саҳобалардан Ҳазрати Али устозлар ҳақида шундай деганлар: "Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин".

Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

 

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

 

Устозлар ўқитди биз илмли бўлдик. Кимларнингдир ҳаёт йўлига қараб одамийлик хислатларини ўргандик. Кимларнидир кузатиб, тирикчилик йўлларини, рўзғор тутишни ўргандик. Умуман, ҳаётда ўзимиз учун асқотадиган яшаш илмини дунёдан олдик. Ва бу ўрганганларимизни ҳаёт қонуниятларига мос равишда бошқаларга ўргатиб борамиз. 

Биз ўзимиз билмай ўргатаётганимизни, биздан ўрганаётганларини англамаймиз.

Ҳазрат Жомий айтганларидек, “Инсон ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”. 

Устозликни орзу қилиб, шу йўлда юриш, жилд-жилд китоб ўқиб, йиққан илмини ваъзга айлантириб, кўргазмали қуроллар тўплаб, турфа услублар қўллаб, ўқитяпман, уқдиряпман дейиш ҳали мураббийлик эмас. Мураббийликни хоҳлаган, шу касбга ўқиган билан мураббий бўлиш, мураббийликни уддалаш қийин. Устозликнинг ўзига хос парҳезлари, босиб ўтилмайдиган чегара чизиқлари бор. 

Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.


Зафар Маҳмудов - Самарқанд шаҳар бош имом хатиби 


Киритилган вақти: 01/10/2021 09:49;   Кўрилганлиги: 21
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/ustoz-aziz-insondir
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 09:41