Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Тавба нажот йўлидир

 
 

Тавбанинг луғавий маъноси «қайтиш»дир. Уламолар: «тавба - қилган гуноҳига надомат қилиш, ундан тўхташ ва уни қайтиб қилмасликка азму-қарор қилишдир» деганлар. Ҳар қандай гуноҳдан тавба қилиш мусулмон банда учун фарздир. Зеро, кечиримли зот бўлган Аллоҳ Ўз бандаларини тавбага буюрган: «Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур сураси 31-оят). Бу оят ҳамма учун амрдир. Бунга кўра ким бўлишидан қатъи назар, барча мўминлар тавба қилишларини, яъни ёмон феълларини агар бор бўлса тарк этишлари ва гўзал феъллар билан безанишлари вожибдир.

        

 Яна Аллоҳ буюради. “Эй мўминлар, холис тавба қилиб, Аллоҳга қайтинглар. Балки, Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни ярлақагин. Албатта, Сен барча нарсага қодирдирсан!, – дерлар (Таҳрим сураси). Шу мазмундаги бошқа оят ҳам тавбанинг фазилатидан далолат беради: “Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тавбанинг фазилати борасида шундай марҳамат қиладилар: “Тавба қилиб, ёмон  феълларини тарк этган одам Аллоҳнинг дўстидир. Тавба қилиб, ёмон феълларини тарк этган одам гуноҳкор бўлмайди, гуноҳ қилмаган одамдай бўлади”.  Бошқа бир ҳадисда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ, ўзининг мўмин бандаси ёмон феълларини тарк этса, ҳаддан зиёд севиниб кетади”. деб айтадилар.

 Уламоларимиз тавбанинг тўрт шарти бор экалигини айтганлар:

  1. Ўша заҳоти гуноҳни тарк этиш.
  2. Гуноҳ қилиб қўйгани сабабидан надомат қилиш.
  3. Гуноҳга ҳеч қачон қайтмасликка қаттиқ, жазм ила азму‑қарор қилиш.
  4. Агар гуноҳи бировнинг ҳаққига тааллуқли бўлса, ўша одамга унинг ҳаққини адо қилиш ва ундан розилик олиш.

Тавбанинг энг катта шарти эса у холис Аллоҳ учун бўлишидир.        

         Шайх Оиз ал-Қарний ҳафизаҳуллоҳ “ Чўкаётган одам қутқарув арқонига тирмашганидек, сен ҳам истиғфор арқонига шунчалик маҳкам осил! Чунки гуноҳлар тўфонидан фақатгина Нуҳмонанд, тавба қилувчи кишигина нажот топади (яъни сув тўфонидан Нуҳ алайҳиссалом омонда қолганлари каби, гуноҳлар тўфонидан тавба қилувчигина нажот топиб қолади). Гуноҳлар оташидан фақатгина Иброҳиммонанд тавбагина саломат чиқади (яъни Иброҳим алайҳиссалом оловдан саломат қолганларидек, Aллоҳга қайтиб, унга чинакам тавба ила қайтган инсонгина гуноҳлар алангасидан қутулиб қолади” деб айтадилар.

Роббим барчаларимизни нажот топувчи бандаларидан айласин!

Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом хатиби Абдуманнонов Нурсултонхон


Киритилган вақти: 19/03/2021 11:14;   Кўрилганлиги: 88
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/tavba-najot-yolidir
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 18:41