Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

ОИША ОНАМИЗ. 3- қисм

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

ОИША ОНАМИЗ.
Набавий лутф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча у Зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг кичик ёшдаликларини эътиборга олиб, у кишининг даражаларига тушар эдилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога набавий лутф кўрсатар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб қолар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар». Муслим ривоят қилган. Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйи­дагилар айтилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у Зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва ҳалиги билан биру бир, дедилар». Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда у Зотнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса у Зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади. Имом Бухорий, Муслим ва Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абу Бакр кирганида, олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!» деди. Ўша куни, Ийд куни эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганда унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кийимларига бурканиб ухлаб ётар эдилар. Абу Бакр иккови (қиз)­ни сўкиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб: «Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар Ийд кунлари», дедилар», дейилган

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 05/04/2021 11:14;   Кўрилганлиги: 73
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/oisha-onamiz-3-qism
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 19:19