Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳга таваккал қилмоқ

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Аллоҳга таваккал!

«...Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир...»
(Талоқ сураси: 3)

«Аллоҳга таваккал қилдим».
Аввало ушбу калиманинг маъноси:
Ушбу калимани кўпчилик айтади. Уни тил билан айтилсада аслида у қалб амалларидандир. Баъзилар тонгда, баъзилар оқшом айтади. Умуман олганда ҳамма ҳар хил холатда айтади. Бироқ бу сермазмун калиманинг маъносини озчилик тушунади. Мана шу тушунганлардан ҳам озчилиги уни оддийгина айтилинган сўзлик даражасидан, ўзи билан Аллоҳу таолонинг ўртасидаги кучлик алоқа воситаси – узилмас ришта даражасига кўтара олади.
Таваккал ўзингни барча ишларингда Аллоҳ таолога топширмоғинг. У Аллоҳ таолога ишонч ва Унинг қудрати, қуввати ва илмига бўлган иймондир. Демак у комил суратда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога суянишдир. Бунинг самараси эса, Аллоҳ таолонинг баъзи исм ва сифатларига амалий равишдаги комил иймондир.
Шунинг учун ҳам Имом Ибн ал-Қаййим айтадилар: «Таваккал диннинг ярми, иккинчи ярми эса, инобат — Аллоҳга қайтмок (иқбол этмоқ) – Унга тавба қилмокдир. Зеро дин Аллоҳга ибодат, Унинг Ўзидангина ёрдам сўрашдир. Таваккал Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўраш, инобат эса ибодатдир». (Мадорижус-солиҳийннинг сайланмаси: 336-саҳифа) Демак, Аллоҳ таолонинг Ўзидангина ёрдам сўрамоғинг заифлигингни, (келажакни) билмаслигингни тан олмоғинг хамда У Буюк Зотнинг илмига, қудратига иймон келтириб, Унга бўйин эгиб, Ундан куч-қувват талаб қилиб, У Зотни яхши кўрмоғинг – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳуга холис қилинган ибодатлар жумласидандир.
• Юсуф сурасидаги «...Бас, Шайтон у (Юсуф алайҳиссаслом)дан ўз Роббиси (Аллоҳ таоло)ни зикр қилишни (ёдга олишни) унуттирди...» 42-оятнинг таҳқиқи.
Ибн ал-Қаййим ушбу оят тафсирида шундай дейдилар: ″Албатта, Аллоҳ таолонинг Юсуф алайҳиссаломни бир-неча йил зиндонда қолиб кетишларига маҳкум этишлиги у зотнинг Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашдан аввал, ўзлари каби бир инсондан ёрдам талаб қилганликлари томонидан келди″,— деган маънони қувватлайдилар. Юсуф алайҳиссаломнинг ўзларидек бир инсондан ёрдам талаб қилганликлари зиндондан қутулишлиги гумон қилинган йигитга: ″Мени роббинг(яъни, ҳожанг – подшоҳ) хузурида ёдга олгин!″, деган сўзларида намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг: «Бас, Шайтон у (Юсуф алайҳиссалом)дан ўз Роббиси (Аллох таоло)ни зикр қилишни (ёдга олишни) унуттирди» (ушбу маънони муфассирлардин Мужоҳид ва Муқотилдан ривоят қилинган), деган сўзининг шархи эса, ″Шайтон Юсуф алайҳиссаломни Хақиқий, Буюк Роббисини зикр қилиб, Унинг Ўзидангина ёрдам талаб қилишини унуттирди. Натижада у зот ўзлари каби инсондан ёрдам талаб қилдилар. «Бас, (Юсуф алайҳиссалом) бир неча йил зиндонда қолиб кетдилар».

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли


Киритилган вақти: 20/03/2021 11:52;   Кўрилганлиги: 62
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/allohga-tavakkal-qilmoq
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 10:00