Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳга таваккал қилиш

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Аллоҳга таваккал

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандасининг Ўзидан бошқасидан ёрдам талаб қилишини асло қабул қилмайди. Зеро, Аллоҳ таолодан ўзга зот ҳар қанча куч ва қудрату салтанат ҳамда хисобсиз куролли кучга эга бўлмасин, бари бир у ҳаракати, интилишлари, хоҳиш-истаклари Аллохнинг кудрати ва иродаси остида бўлган заиф бир бандалигича қолаверади.
• Таваккалнинг ҳақиқий – тўғри тушунчаси.
Баъзилар таваккални нотўғри тушунадилар. Уларнинг гумонларича ″таваккал″ зоҳирий сабабларни хисобга олмаган холда ўзни ўту-чўққа уришдир. Бу эса, тартиб-интизом билан яратилган хаёт қонунига зиддир. Зеро Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча ишларни тартиб-интизом ва зоҳирий сабабларга богғлик қилиб яратган.
Зоҳирий сабабларни ушлаш хақикий таваккалга зид эмас, балки у таваккалнинг шартларидандир. Сиз зоҳирий сабабларни хамма нарса шунга боғлик дейдиган даражада ушланг кейин Аллоҳга шундай таваккал қилингки ҳалиги сабабларнинг заррача ахамияти қолмасин. Мисол қилиб айтадиган бўлсак: сайёрангиз билан сафарга чиқмоқчи бўлсангиз, сиз уни обдон текширасиз, мойига, ҳавосига қарайсиз шундай бўлсада сиз Аллоҳга, унинг ҳифзу-ҳимоясига ҳамда тавфиқига мухтож эканлигингизни хис киласиз ва: Эй парвардигор, мен сенинг раҳаматингга, ҳифзу-ҳимоянгга мухтожман ўзинг бало-қазолардан сақлагин, Ўзингга таваккал қилдим, деб йўлга тушасиз.
Бирор киши қайсидир нарсани тижорат учун шартта олса, эй Аллоҳ ўзингга таваккал қилдим, Ўзинг ҳар ишга қодирсан деса, бу мўминнинг иши эмас. Мўмин бирор нарса билан тижорат қилмокчи бўлса бозорни, нарх-навони ўрганади, қанақаси кетади, қанчага тушадию, қанчадан сотилади. Шундан кейингина Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлайди. Бошқа барча сохалар ҳам худди шу кабидир. Биз Аллоҳ таолонинг Марям сурасидаги: «(Мана шу куриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар» (Марям: 25),—деган, оятини ўқиб, унинг маъносига яхши эътибор берсак, ушбу ҳаёт зоҳирий сабабларга боглиқ холатда яратилган эканига яна бир бор амин бўламиз. Аллоҳ таоло Биби Марямга ҳеч қандай зоҳирий сабабсиз ризқ-насибаларини келтиришга кодир эди. Бироқ У Буюк Зот, ҳаёт зоҳирий сабабларга боғлик эканлигини билдириб қўйиш учун, туғуруқдан янги қутилган, унинг асаридан батамом фориғ бўлиб улгурмаган Биби Марямга қуриб колган бўлса хам хурмо дарахтини силкитишга фармон қилди. Бу билан Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати ва муъжизасини намойиш этган бўлса, иккинчи томондан, яшаш учун зоҳирий сабабларни асло унутмасликка ишорат этади.

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли


Киритилган вақти: 20/03/2021 14:56;   Кўрилганлиги: 71
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/allohga-tavakkal-qilish
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:42