Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари. 4- қисм

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари.

26. Яхши ишларда ҳамкор бўлиш. Яъни, яхшилик ва тақво устида унга ёрдамлашиш, Аллоҳ таолога тоат-ибодатида унга кўмакчи бўлишингиз лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2). Агар у бирон маъсиятга тушиб қолса, ундан юз ўгириб кетмасдан, тавба қилиш ва тўғриликка қайтишига йўллашингиз, бу йўлда у билан ёнма-ён туришингиз лозим. Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Агар бир биродарингизнинг йўлдан тойилганини кўрсангиз уни тўхтатиб ва тўғрилаб қўйинг, унинг тавбасини қабул қилишини Аллоҳдан сўранг, унинг зиёнига шайтонга ёрдамчи бўлманг». Гуноҳ иш қилиб қўйиши билан уни ташлаб қўйиш, қўлидан тутмаслик унинг бутунлай бузулиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
27. Унга фойда етказишга ҳаракат қилиш. Бу унинг диний ва дунёвий ишларида имкони бор бўлган ҳар қандай йўл билан унга манфаат етказиш билан бўлади. Бу сизнинг устингиздаги унинг ҳақларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бирингиз биродарига фойда етказишга қодир бўлса, етказсин» (Муслим ривояти). Бу диний ва дунёвий манфаат турларининг барчасини ўз ичига олади. Бироқ, унга манфаат етказиш ҳаром ишда ёрдам бериш бобидан бўлса, бундай қилиш асло дуруст бўлмайди.
28. Дўстликнинг давомийлигини сақлаш, уни муҳофаза қилиш, имкони борича гуноҳларсиз давом этишига ҳаракат қилиш. Зеро, гуноҳлар ўз шумлиги билан мўмин биродарлар ўртасини ажратиб юборади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашиб, сўнг ажрашиб кетган бўлса, бу улардан бирининг қилган гуноҳи сабаблидир» (Аҳмад, Бухорий «ал-Адаб ул-Муфрад»да ривоят қилган). Гуноҳлар шумлиги туфайли не-не дўстлар ораси бузилиб кетмаган дейсиз! Чунки руҳлар ҳозирланган аскарлардир, дўстлардан бири тақвосиз ва гуноҳга муккасида кетган бўлса, вақт ўтиши билан дўсти уни ёқтирмай қолиши аниқ.
29. Унинг ҳис-туйғуларини риоя қилиш, сўз биланми, феъл биланми, ишора биланми, ҳатто қасдсиз равишда ҳам унга озор етказмаслик, бунга доим ҳушёр қараш ва бепарво бўлмаслик. Баъзан киши биродарининг олдида ёмонликни қасд қилмасдан бир гапни гапириб қўяди, бироқ биродари уни нотўғри тушуниб қолиб, ўртага совуқчилик тушади. Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир» (Исро: 53).
30. Унинг сизнинг устингиздаги ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда ўртадаги дўстликка суяниб қолиб қосирлик қилмаслигингиз. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Биродарчиликка суяниб, биродаринг ҳақ-ҳуқуқида қосирлик қилма» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб). Аксинча, ўртадаги дўстликни сақлаб қолиш ва кучайтириш истагида унинг ҳақ-ҳуқуқларига кўпроқ эътибор қаратиш, бу хусусда асло бепарво бўлмаслик керак.
31. Аллоҳ йўлидаги биродарига ўзига ҳохлаган нарсани илиниш. Аллоҳ йўлидаги биродарингизга, хусусан муҳтож бўлса, гарчи ўзингизга керак бўлган нарса бўлса ҳам унга ийсор-ихтиёр қилишингиз, яъни шу нарсани унга илинишингиз. Аллоҳ таоло айтади: «...гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар» (Ҳашр: 9). Агар уни ийсор қилиш қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса ўзингиз учун яхши кўрган яхшиликни у билан баҳам кўринг.

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 24/03/2021 11:22;   Кўрилганлиги: 61
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/alloh-yolida-dostlashish-odob-va-huquqlari-4-qism
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 10:18