Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Долзарб мавзу

Инсоннинг бу оламдаги юксак вазифаси

 
 

Албатта Аллоҳ таоло инсонни барча мавжудотлар қаторида яратиб, унга энг юксак вазифани топширди. Бу вазифа улуғ ва ўз навбатида оғирдир. Инсон азалий бўлмаса ҳам абадийдир. Унинг жасади тупроқдан бўлса ҳам, руҳининг ҳақиқати маликут оламидан бўлиб, раббоний руҳдир. Унинг асли жавҳари ва зоти ҳаётининг илк даврида ҳайвоний ва шайтоний хислатларга боғланган бўлса ҳам жидду жаҳд ёрдамида Оламлар Робби бирла суҳбатдош бўлишга лойиқ бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ ثُمَّ رَدَدْنَاهُ أَسْفَلَ سَافِلِينَ إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَلَهُمْ أَجْرٌ غَيْرُ مَمْنُونٍ﴾

“Биз инсонни энг чиройли сиймода яратдик. Кейин уни энг пастлар пасти даражасига тушурдик. Магарда ҳам, улар ичидан иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларга битмас ва тугалмас мукофотларни бердик” (Тийн сураси, 4-6 – оятлар).

Инсоннинг юксак мақоми фаришталар даражасига кўтарилади. Агар шаҳват ва ғазабдан халос бўлиб, у иккисини ўзига асир қилиб олса ва уларга подшоҳ бўлса. Бундай мақом одам боласининг комиллик даражаси саналади. Агар инсон Ҳақ таолонинг жамолига улфат топиш лаззатига эришса, унинг жамолини кўришдан бир лаҳза ҳам сабр қила олмайди, зеро, Унинг жамолини кўриш унинг жаннати бўлади.

Одам фарзандининг зоти ва жавҳари илк яратилиш босқичида ноқис, паст ва ҳасис бўлади. Бу нуқсондан комиллик даражасига кўтарилиш унга фақат жидду жаҳд ва муолажа воситасида мумкин бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларини ҳақ йўл сари ҳидоят қилишга пайғамбарларни инсонлар орасидан танлаб, шариат билан юборгандир. Токи уларни тарбиялаб, дил ва руҳ жавҳарини жидду жаҳд воситасида барча ёмон хулқлардан поклаб, чиройли хулқлар бирла руҳга жило берсин. Шу жиҳатдан Парвардигори олам Ўз подшоҳлиги ва поклиги билан Ўзини мадҳ этиб, пайғамбарларни инсон саодати учун юборганини ҳам маълум қилади:

﴿يُسَبِّحُ لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ الْمَلِكِ الْقُدُّوسِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ﴾

“Барча осмонлар ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклик билан зикр қилади. Улуг зот, Подшоҳ ва барча айб-нуқсонлардан пок, Ғолиб ва Қудратли ва Ҳикмат эгасидир. Ул Аллоҳ шундай зотки, омийлар ичида ўзларидан бўлган бир Пайғамбарни юборди. Бу пайғамбар уларга Роббисининг оятларини тиловат қилади ва уларни барча нопокликлардан поклайди ва уларга Китоб яъни Қуръон ва ҳикматини таълим беради. Ҳолбуки, ула бундан олдин очиқ-ойдин залолат ва гумроҳликда эдилар” (Жумъа сураси 1-2 – оятлар).

Оятдаги يُزَكِّيهِمْ (Юзаккийҳим) яъни “уларни поклайди” деган маъно шуки, ёмон ва нопок хислатлар аслида ҳайвонлар сифати бўлган. Улардан мўминларни пок ва тоза қилади.

“Китоб ва ҳикматни таълим беради” дегани эса фаришталар хислатини одам фарзандларига хилқат ва либос қилиб беради. Бу таълимотнинг ғоя ва мақсади – башариятни ноқис сифатлардан пок халос қилиб, камол сифатлар билан оро берилсин. Ва бу ғоянинг илк босқичи шундан иборатки, кўнгил юзини буткул дунё муҳаббатидан қайтариб Аллоҳ томон юзласин. Бу ҳақда Яратган Зот ўз Расулига бундай таълим беради:

﴿وَاذْكُرِ اسْمَ رَبِّكَ وَتَبَتَّلْ إِلَيْهِ تَبْتِيلًا﴾

“Эй Пайғамбар, Роббинг исмини зикр қилиб, барча нарсалардан узулиб, барча вужудинг бирла ўзингни Парвардигоринга топширгин!” (Муззаммил сураси, 8-оят).

Демак, инсон бу оламга синов учун келган ва бу қисқа дунё ҳаётида зироат ва тижорат қилиб, унинг ҳосилини охиратда олади. Зеро, бу дунё бир манзилгоҳ ва карвонсарой бўлиб, унинг ҳақиқий қароргоҳи жаннатдир.

Манба: mirarabmadrasa.uz 


Киритилган вақти: 17/03/2021 11:00;   Кўрилганлиги: 93
 
Материал манзили: https://savad-ul-azam.uz/articles/actual/insonning-bu-olamdagi-yuksak-vazifasi
Чоп этилган вақт: 28/11/2021 05:20